Глобал носозлик: X, ChatGPT, Spotify ва бошқа сервислар ишламай қолди

Олам

image

Бугун, 18 ноябрь куни дунё бўйлаб ижтимоий тармоқлар, онлайн ўйинлар, стриминг хизматлари Cloudflare’да содир бўлган йирик носозлик туфайли ишламай қолди. Носозлик ҳақида Cloudflare сайтида баёнот берилди.

Масалан, ChatGPT каби сервисдан фойдаланишга уринганда фойдаланувчи носозлик ҳақида хабар кўради.

“Сиз давом этиш учун challenges.cloudflare.com хизматини блокдан чиқаришингиз керак”, дейилади интернет-ресурснинг бош саҳифасида пайдо бўладиган ёзувда.

Ҳодиса ҳатто тармоқдаги носозликларни кузатиб борувчи Downdetector хизматига ҳам таъсир қилган. Шунингдек, кўплаб фойдаланувчилар Spotify ёки X ижтимоий тармоғидан фойдалана олмаганини билдирган.

Cloudflare эса носозликни тасдиқлаб, уни бартараф этиш бўйича ишлар давом этаётганини маълум қилган.

Муаммо нимадан келиб чиққан?

Cloudflare ҳодиса “кенг кўламли 500-хатоликлар, бошқарув панели ва API ишламай қолиши”га боғлиқ бўлганини билдирган. 500-хатолик коди сервернинг кутилмаган ҳолатга дуч келиб, сўровни бажара олмаслигини англатади. Яъни сервер муаммо борлигини билади, лекин сабабни аниқ кўрсата олмайди.

Муаммони бартараф этиш жараёнида Cloudflare Буюк Британия фойдаланувчилари учун айрим хизматларни вақтинча ўчириб туришга мажбур бўлган.

“Биз Cloudflare Access ва WARP хизматларининг тикланишига имкон берган ўзгаришлар киритдик. Access ва WARP фойдаланувчиларидаги хатоликлар даражаси ҳодиса аввалидаги ҳолатга қайтди. Лондонда WARP уланиши қайта ёқилди”, деб ёзди компания ўз саҳифасида.

Маълумот учун, Cloudflare – бу интернетдаги сайтлар ва онлайн хизматларни тезроқ, хавфсизроқ ва ишончлироқ ишлашини таъминлайдиган йирик технологик компания. У сайтлар ва платформалар учун “оралиқ ҳимоя қатлами” сифатида ишлайди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили март ойида Meta компаниясига тегишли Facebook, Messenger ва Instagram тармоқларида бутун дунё бўйлаб узилишлар содир бўлганди, ярим миллиондан ортиқ фойдаланувчи ижтимоий медиа иловаларига кира олмай қолганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ChatGPT Spotify Cloudflare

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг