Ғиёсов ва Жалолов навбатдаги жангларида ғалаба қозонди

Спорт

image

Кеча, 14 ноябрь куни Тошкентдаги “Ҳумо Арена” мажмуасида профессионал бокс оқшоми бўлиб ўтди. Кеча давомида ўзбекистонлик профессионал боксчилар Шаҳрам Ғиёсов ва Баҳодир Жалолов ўз жангларида муддатидан аввал ғалаба қозонди.

Оқшомда супер оғир вазн тоифасида мағлубиятсиз келаётган Баҳодир Жалолов нигериялик Соломон Адебаё билан рингга кўтарилди. 8 раундга мўлжалланган жанг 4-раунддаёқ якунланди. Жалолов кучли зарба билан рақибини нокаутга учратди. Шу тариқа, Баҳодир Жалолов профессионал фаолиятидаги 17-жангида 17-ғалабани қўлга киритди. Адебаё эса проф рингдаги илк мағлубиятини қабул қилди.

Кечанинг марказий баҳсида ярим ўрта вазн тоифасида WBA камарига мажбурий даъвогар бўлган ўзбекистонлик Шаҳрам Ғиёсов россиялик Марк Урвановга қарши рингга чиқди. 8 раундга белгиланган бу жанг ҳам 4-раундда муддатидан аввал якунланди. Ғиёсов рақибини техник нокаут орқали мағлуб этди ва профессионал фаолиятидаги 18-жангини 18-ғалаба билан якунлади. Урванов эса ўзининг 5-мағлубиятини қайд этди.

Маълумот учун, ушбу бокс оқшомининг фахрли меҳмонлари сифатида икки оғир вазн чемпионлари украиналик Александр Усик ва америкалик Теренс Кроуфорд тадбирга ташриф буюрди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 13 апрель тонгида ўзбекистонлик профессионал боксчи Шаҳрам Ғиёсов Американинг Атлантик Сити шаҳрида ўтказилган профбокс кечасида рингга кўтарилиб, профрингдаги 17-ғалабасига эришганди. 6 октябрь куни Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган “IBA Pro 10” турнирининг марказий жангида супероғир вазн тоифасидаги ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов россиялик Виталий Кудухов билан тўқнаш келиб,  очколар бўйича ғалабага эришганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шаҳрам Ғиёсов профессионал бокс Баҳодир Жалолов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг