GGG Халқаро бокс шон-шараф залига киритилди
Спорт
−
05 Декабрь 1016 1 дақиқа
Қозоғистонлик боксчи Геннадий Головкин, америкалик Антонио Тарвер ва британиялик Найжел Бенн 2026 йилда Халқаро бокс шон-шараф залига киритилди. Бу ҳақда “Ring Magazine” хабар берди.
Головкин бу шарафга сазовор бўлган биринчи қозоғистонлик боксчи бўлди, собиқ иттифоқ боксчилари орасида эса тўртинчи. Илгари Константин Цзю ва ака-ука Кличколар шон-шараф залига киритилган эди.
GGG 350 та ҳаваскор жангларда қатнашиб, шундан 345 тасида ғалаба қозонган. У жаҳон чемпиони ва Олимпиада кумуш медали совриндори ҳисобланади ҳамда узоқ йиллар давомида Қозоғистон терма жамоаси етакчиларидан бири бўлган.
Профессионал сифатида Головкин ўрта вазн тоифасида IBF, WBA ва IBO чемпионлик унвонларига эга бўлган. У 45 та профессионал жанг ўтказиб, 42 тасида ғалаба қозонди, шундан 37 таси нокаут билан якунлаган.
Головкиннинг тўққиз йиллик кетма-кет 23 та нокаутли ғалабаси ўрта вазн тоифасидаги тарихдаги энг узун серия ҳисобланади. У ўрта вазн чемпионлик унвонини 21 марта муваффақиятли ҳимоя қилган бўлиб, бу рекорд сифатида қайд этилган. Унинг муддатидан олдин ғалаба қозониши 90 фоиздан ошиши Гиннеснинг рекордлар китоби томонидан тасдиқланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Геннадий Головкин World Boxing президентлигига сайланиши ҳақида хабар берилган эди.