Германиядаги тошқин: қурбонлар 70, йўқолганлар 1,3 минг кишига етди (фото)
Олам
−
16 Июль 2021
8194Аввалроқ, Германияда кучли ёмғир ва тошқин натижасида камида етти киши ҳалок бўлгани, тахминан 50-60 киши бедарак йўқолгани ҳақида хабар бергандик.
Сўнгги маълумотларга кўра, Германияда тошқинлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 70, йўқолганлар сони 1,3 минг кишига етган. Бу ҳақда мамлакат Ҳукуматига таяниб хабар берилган.
Ўтган кечада Рейнланд-Пфальц федераль штатида яна тўққиз жасад, Шимолий Рейн-Вестфалияда эса тўрт жасад топилган.
“Ҳозир биз 1,3 мингга яқин бедарак йўқолганлар бор деб тахмин қиламиз. Биргина Бад-Нойенар-Арвайлерда мингга яқин қўнғироқ бўлган ва қутқарув ишлари давом этмоқда. Қийин вазиятни ҳисобга олган ҳолда, вазиятга нисбатан якуний хулосалар қилиш ҳозирча мумкин эмас”, дейилган хабарда.
Ғайритабиий ёмғирлар натижасида мамлакатнинг энг ривожланган ва аҳолиси зич жойлашган минтақаси — Шимолий Рейн-Вестфалияни, шунингдек, бир неча қўшни ерларни сув босган.
Ўнлаб турар-жой бинолари вайрон бўлган, сув остида қолган ёки жиддий зарар кўрган. Поездлар ҳаракати тўхтатилган, магистрал йўллар тўсиб қўйилган. Рейн кемалар ўтиши учун ёпилган.
Таъкидланишича, қўшни Бельгияда ҳам қурбонлар бор. Мамлакат расмийлари 11 жасад топилгани ҳақида хабар берган. Мамлакатнинг шарқи, айниқса, Маас дарёси ҳавзаси ҳам кучли ёғингарчилик туфайли сув остида қолган.