Германияда шифокор 15 нафар беморни ўлдиришда гумонланмоқда
Олам
−
17 Апрель 4983 2 дақиқа
Германияда паллиатив ёрдам кўрсатувчи шифокор камида 15 кишининг ўлдирилишида гумон қилинмоқда, яна 75 ҳолат юзасидан тергов олиб борилмоқда. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, бу Германия соғлиқни сақлаш тизимидаги энг йирик суиқасд серияларидан бири бўлиши мумкин. Аллақачон ҳибсга олинган шифокор Берлинда камида 15 кишининг ҳаётига қасд қилганликда гумон қилинмоқда. Берлин прокуратураси 40 ёшли шифокорга расман қотиллик айбловини қўйган. Тергов давомида яна 75 эпизод бўйича текширувлар олиб борилмоқда.
“Жиноят ишидаги маълумотларга кўра, шифокор Берлинда беморларни парвариш қилиш хизматида ишлаган ва шу ерда жиноятларни содир этган. Паллиатив шифокорлар асосан даволаб бўлмайдиган касалларга чалинган беморларнинг азобини енгиллаштириш билан шуғулланади. Айблов 2021 йил 22 сентябрдан 2024 йил 24 июлгача бўлган даврда содир этилган 15 ҳолатни ўз ичига олади”, дейилади хабарда.
Терговчиларнинг фикрича, гумонланувчи ҳеч қандай тиббий асос ва беморларнинг хабардорлиги ёки розилигисиз 12 аёл ва 3 эркакнинг турли дориларига ўлимга олиб келувчи аралашмани қўшган. Қурбонларнинг энг ёши 25 да, энг кексаси эса 94 ёшда бўлган.
Прокуратура гумонланувчи шифокорга умрбод тиббий фаолият билан шуғулланишни тақиқлаш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда. Полиция версиясига кўра, гумонланувчи фақат ўз беморларини нишонга олган, тасодифий одамларга тажовуз қилмаган. Айни пайтда 75 та ҳолат бўйича тергов давом этмоқда, яқин кунларда яна бешта жасад эксгумация қилинади. Ҳозирга қадар жами 12 жасад эксгумация қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2023 йилда вафот этган “Дунё бўйлаб” телеканалининг марҳум 31 ёшли бошловчиси Рамина Ягафарованинг ўлими ортидан у жон берган хусусий клиниканинг икки шифокори жиноий жазога тортилган эди. Суд ҳукми билан шифокорлар – Ў.К. ва А.К. Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган.
Live
Барчаси