Германияда НАТО машғулотларига қарши намойиш бўлди
Олам
−
10 Июнь 2023
10375Бугун, 10 июнь куни Германиянинг Қуйи Саксония федерал еридаги Вунсторф авиабазаси яқинида НАТОнинг 12-23 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Air Defender 23 машқларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди.
“Уруш ўрнига тинчликни амалда қўллаш” шиори остида ўтказилган акцияда 300 га яқин одам қатнашган. Иштирокчилар Украинада дипломатик келишув ва ўт очишни тўхтатишни ёқлаб чиққан.
Хусусан, акция асосчиларидан бири Герхард Бидербек жамиятнинг қуролли можароларни сўзсиз қабул қилишга ёки ҳатто сиёсий можароларда сўнгги чора сифатида маъқуллашга тайёрлиги ортиб бораётганидан хавотирда эканини айтган.
Иштирокчилар орасида Нойштадт-Вунсторф тинчлик ташаббуси, Бремен тинчлик форуми ва Шимолий Германия тинчлик конференцияси тарафдорлари ҳам бўлган.
Полиция маълумотларига кўра, аэродромга велосипедда 50 га яқин намойишчилар етиб келган. Тахминан икки соат давом этган митинг нохуш воқеа-ҳодисаларсиз ўтган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Air Defender 2023 ҳаво машқлари Германия ва Шарқий Европада 250 та ҳарбий самолёт иштирокида ўтказилиши айтилганди. Машғулотларда қатнашиш учун АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг 110 га яқин самолёти Европага жўнатилган. Мазкур ҳаво машғулотлари экспертлар томонидан НАТО ташкил этилганидан бери ҳаво кучларини жойлаштириш бўйича энг йирик манёвр, деб ҳисобланмоқда.
LiveБарчаси