Германияда ҳайдовчи митинг иштирокчиларини босиб кетди
Олам
−
13 Февраль
3976Германиянинг Бавария штати Мюнхен шаҳрида автомобиль митинг иштирокчилари устига бостириб борди. Бу ҳақда “Bild” хабар берди.
Маълум қилишича, ҳодиса норозилик намойиши бўлиб ўтаётган жойда содир бўлган. У ерда Верди касаба уюшмаси томонидан ижтимоий соҳа ходимларининг иш ташлаши уюштирилаётган бўлган.
Полиция воқеани тасдиқлаган ва ҳодиса оқибатида қурбонлар борлигини маълум қилган. “Bild” хабарига кўра, 15 киши жароҳат олган. Воқеа гувоҳларидан бирининг айтишича, машина атайлаб одамлар устига бостириб борган.
“Velt” телеканали хабар беришича, айбдор деб тахмин қилинаётган шахс 24 ёшли йигит бўлган.
Қолаверса, Бавария бош вазири Маркус Зёдер автоҳалокат теракт бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Унинг айтишича, бу ишни қилган 24 ёшли йигит Афғонистон фуқароси саналади.
“Энди бир нарсани айтишим керак. Бу теракт бўлиши мумкин. Барча тафсилотлар ҳали текширилиши керак, гумонланувчи Афғонистон фуқароси. Биз барча тафсилотларни ўрганамиз”, деган Маркус Зёдер.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саксония-Ангальт федерал ери пойтахти Магдебург шаҳрининг марказида жойлашган Рождество ярмаркасида BMW катта тезликда оломонни босиб кетганди. Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлган. 60 дан ортиқ одам жароҳатланган. Нашрнинг ёзишича, турли даражадаги жароҳатлар олганлар сони 60 дан 80 кишигача етган.
LiveБарчаси