Германия жуда қисқа муддатда ядровий қуролга эга бўлиши мумкин – Гросси

Олам

image

Германия бир неча ой ичида ўзининг ядровий қуролини яратишга қодир бўлиши мумкин. Бу ҳақда Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) директори Рафаэль Гросси “Rzeczpospolita” нашрига берган интервьюсида сўз очди.

“Жуда оз вақт. Балки бу бир неча ой масаласи бўлади”, дейди Гросси Германияга ядровий қурол яратиш учун қанча вақт кераклиги ҳақидаги саволга жавоб бераркан.

Унинг айтишича, Германия бундай қуролни яратиш учун зарур бўлган технология ва материалларга эга.

“Германияда бунинг учун зарур бўлган ядро материали мавжуд, улар қандай қилишни билишади. Улар барча технологияларга эга. Бироқ бу фақат назарий фаразлар. Европа давлатлари шундай хулосага келишдики, ҳаммада ядро қуроли бўлган дунё фалокатга олиб келади”, дейди МАГАТЭ раҳбари.

Маълумот учун, 1969 йилда Германия “Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома”га қўшилган ва 1975 йилда бу шартномани ратификация қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Стокгольм тинчлик муаммоларини ўрганиш институти (SIPRI) эълон қилган йиллик ҳисоботда дунё янги ядровий қуролланиш палласига кираётгани айтилган эди. SIPRI’га кўра, ядровий қуролга эга давлатлар ўз атом арсеналларини кенгайтирмоқда ва қуролларни назорат қилиш бўйича битимлардан чиқмоқда. Бу ҳолат совуқ уруш тугаганидан кейин давом этган ядро қуролсизланиши даврининг ниҳоясига етганини англатади. 2025 йил январь ҳолатига кўра, дунёда жами 12 241 та ядровий жанговар каллак мавжуд бўлиб, уларнинг тахминан 9 614 таси ҳарбий омборларда жойлашган ва қўлланилиши мумкин бўлган ҳолатда сақланмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия ядровий қурол

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг