Германия Украинага Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беради
Олам
−
12 Июль 2023
3566Германия Украина учун Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беради. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Германиядан қўшимча Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ракеталарини етказиб бериш бўйича келишувга эришилди”, деб ёзган у.
Шунингдек, Зеленскийнинг қўшимча қилишича, Германия канцлери Олаф Шольц билан Украинанинг хавфсизлик кафолатлари ҳам муҳокама қилинган.
Маълумот учун, ушбу тизим 68 километргача радиусдаги ҳудудни ҳимоя қилиши, 50 тагача нишонни кузатиши ва улардан бештасини бир вақтнинг ўзида уриб тушириши мумкин. Юқори аниқликка эга мудофаа тизими самолётлар, қанотли ракеталар, каттароқ дронлар ва қисқа масофали баллистик ракеталарга қарши жуда фойдали ҳисобланади. Бироқ пастлаб учувчи жисмлар ва кичик дронларга қарши қўллаш кўзланган натижани бермайди. Амалдаги версия мудофаа тизими ракетаси 2 километргача баландликка учиши ва 160 километр узоқликдаги нишонни йўқ қилиши мумкин. Тизимни ишга тушириш учун 90 кишилик шахсий таркиб талаб этилади. Мудофаа тизимининг умумий нархи ҳозирда тахминан 14 миллион долларга баҳоланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вильнюсдаги саммит доирасида Норвегия Украина учун мингта 32 граммли Black Hornet разведка дронларини беришини эълон қилганди. Франция эса Scalp ҳаво-ер типидаги ракетасини аллақачон Украинага топширди. Бундан ташқари, Австралия Украина учун яна 30 та Bushmaster ҳарбий транспорт воситаларини етказиб беришини маълум қилди.
LiveБарчаси