Германия Россияни сайловларга аралашув ва киберҳужумларда айблади
Олам
−
13 Декабрь 919 2 дақиқа
Германия расмийлари Россия мамлакатнинг муҳим инфратузилмасига қарши гибрид ҳужумларни кучайтирганини маълум қилиб, бунинг оқибатида Россияни янги чоралар, жумладан, россиялик фуқароларга кириш тақиқи ва уларнинг активларини музлатиш каби санкциялар кутаётганини билдирди. Бу ҳақда “Correctiv” хабар берди.
Шу муносабат билан кеча, 12 декабрь куни Германия Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Германиядаги элчиси Сергей Нечаевни вазирликка чақирган.
“Сўнгги пайтларда Россия томонидан гибрид фаоллик кескин ошганини кузатяпмиз. Бунга дезинформация кампаниялари ва жосуслик, киберҳужумлар ҳамда саботажга уринишлар киради”, дейди вазирлик матбуот котиби Мартин Гизе.
Унинг сўзларига кўра, Германия расмийларида Россия ҳарбий разведка хизмати иштирок этганини тасдиқловчи инкор этиб бўлмайдиган далиллар мавжуд. Гап 2024 йил августида Германиянинг ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимига қилинган хакерлик ҳужуми ва 2025 йил февраль ойида бўлиб ўтган парламент сайловларига аралашув ҳақида бормоқда.
Германия ҳукуматининг фикрича, овоз бериш натижаларига Россиянинг ҳарбий разведка хизмати билан боғлиқ Storm-1516 хакерлар гуруҳи таъсир кўрсатишга уринган. ТИВ маълумотларига кўра, бу мақсадда сиёсатчилар Фридрих Мерц ва Роберт Хабекни обрўсизлантиришга қаратилган сохта видеолар тарқатилган. Авиация хавфсизлиги хизматига уюштирилган ҳужум ортида эса “APT 28” номи билан танилган, Fancy Bear деб аталувчи бошқа хакерлик гуруҳи тургани тахмин қилинмоқда.
Россиянинг Германиядаги элчихонаси баёнотига кўра, Сергей Нечаев Россия давлатининг ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимига қилинган киберҳужумлар ва Бундестаг сайловларига аралашув билан боғлиқлиги ҳақидаги айбловларни қатъиян рад этган. Унинг сўзларига кўра, Берлиннинг бу даъволари далилсиз, асоссиз ва мантиқсиздир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги АҚШнинг Миллий хавфсизлик агентлигини (NSA) мамлакатнинг Миллий вақт хизмати маркази (NTSC)га киберҳужум уюштирганликда айблаган эди.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь