Хитой АҚШни киберҳужумда айблади 

Олам

image

Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги АҚШнинг Миллий хавфсизлик агентлигини (NSA) мамлакатнинг Миллий вақт хизмати маркази (NTSC)га киберҳужум уюштирганликда айблади. Бу ҳақда “Синьхуа” хабар берди.

Ушбу марказ Шаньси провинциясининг маъмурий маркази саналган Циан шаҳрида, Ли тоғи чўққисида жойлашган. Марказ “Пекин вақти”ни белгилаш билан шуғулланади. У алоқа, молия, электроэнергетика, транспорт, геодезия ва картография, миллий мудофаа, шунингдек, халқаро вақт минтақалари вақтини ҳисоблаш учун зарур бўлган синхронлаштириш хизматларини кўрсатади. Шунингдек, NTSC юқори аниқликдаги ер усти вақтни ўлчаш тизими ишлаб чиқувчиси ҳисобланади.

Нашрнинг таъкидлашича, инфратузилманинг киберҳужумлар оқибатида ишдан чиқиши “Пекин вақти”нинг хавфсиз ва барқарор ишлашига путур етказиши мумкин. Бу эса алоқа тармоқлари фаолиятидаги узилишлар, молиявий тизимдаги бузилишлар, электр таъминотидаги узилишлар, транспорт фалокати, космик аппаратларни учиришдаги носозликлар ва ҳатто халқаро вақт тизимида тартибсизликларга олиб келиши мумкинлиги қайд этилган.

Хитой ҳукумати маълумотига кўра, АҚШ томонидан NTSC’га уюштирилган киберҳужумлар режалаштирилган ва тизимли тарзда амалга оширилган. 2022 йил 25 мартдан бошлаб, NSA хорижий мобил телефон ишлаб чиқарувчисига тегишли СМС-хизматидаги заифликдан фойдаланиб, NTSC ходимларининг бир нечта мобил телефонларини яширинча назоратга олган ва уларда сақланган махфий маълумотларни ўғирлаган.

2023 йил 18 апрелдан бошлаб ўғирланган аккаунтлар NTSC компьютерларига қайта-қайта кириш ва ходимлар устидан кузатув олиб бориш учун ишлатилган.

Хитой Давлат хавфсизлик вазирлигининг маълум қилишича, 2023 йил августидан 2024 йил июнигача АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги янги киберуруш платформасини ишга туширган ва Миллий вақт хизмати марказининг бир нечта ички тармоқларига юқори интенсивликдаги ҳужумларни амалга ошириш учун 42 та махсус киберҳужум воситасидан фойдаланган. Бундан мақсад юқори аниқликдаги ерусти вақт синхронлаштириш тизимига кириб бориш ва уни фалаж қилиш бўлган.

Мутасаддиларнинг айтишича, ҳужумлар кўпинча Пекин вақти билан тун ярмида ёки эрта тонгда бошланган. Хакерлар ҳужум манбасини яшириш учун АҚШ, Европа ва Осиёдаги VPN хизматларидан фойдаланган, қалбаки рақамли сертификатлар орқали антивирус ҳимоясидан ўтган ҳамда ишораларни тўлиқ йўқ қилиш учун кучли шифрлаш алгоритмларини қўллаган.

NTSC’га ҳужум оқибатларини бартараф этиш, текширув ўтказиш ва мумкин бўлган таҳдидларнинг олдини олиш бўйича профилактик чораларни кўриш топширилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сўнгги 12 ой ичида Германия иқтисодиёти маълумотлар ўғирланиши, саноат жосуслиги ва саботажлар оқибатида 289,2 миллиард евро зарар кўргани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Хитой NSA NTSC

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг