Германия Президенти Бишкекни Россияга қарши санкцияларга риоя қилишга чақирди
Олам
−
23 Июнь 2023
4595Қирғизистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Германия Президенти Франк-Валтер Штайнмайер Бишкекни Украинадаги уруш туфайли Россияга қарши жорий қилинган санкцияларга риоя қилишга чақирди. Бу ҳақда у кеча, 22 июнь куни қирғизистонлик мавқедоши Садир Жапаров билан бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
Германия давлати раҳбари Берлин Қирғизистоннинг БМТ Бош Ассамблеясида Украинадаги уруш масаласи бўйича овоз беришда бетараф қолганига хайрихоҳ эканини билдирган.
“ГФР Республиканинг Россия билан кўплаб тарихий, иқтисодий, маданий ва инсоний алоқалари фонида БМТдаги овоз бериш натижаларини “Бишкек ҳарбий куч ишлатишни оқлайди”, деган сигнал сифатида кўрмайди”, дейди Штайнмайер.
Маълум бўлишича, Президентлар орасидаги музокараларнинг асосий қисми икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларга бағишланган.
“Германия Марказий Осиё давлатлари билан яқинроқ ҳамкорлик қилишни истайди, айниқса, биз яшаётган мана шундай кескин даврда”, деган Германия Президенти.
Ўз навбатида Жапаров давлатлар ўртасида икки томонлама ҳамкорлик учун жуда катта фойдаланилмаган салоҳият мавжудлигини таъкидлаб, инвестициялар ҳажмини ошириш ва немис технологияларини Қирғизистонга ўтказишга умид билдирган. Бунга жавобан Штайнмайер сармоядорларни муайян рамка шартлари қизиқтираётганини таъкидлаган.
“Бу, жумладан, демократик стандартларга риоя қилиш ва қонун устуворлигини ўз ичига олади”, дея тушунтирган Германия Президенти.
Шунингдек, у немис бизнесига Жапаровнинг коррупцияга қарши кураш, бунинг учун зарур бўлган ҳуқуқ-тартибот ва суд органларини ривожлантириш Қирғизистон Президентининг устувор йўналишларидан бири экани ҳақидаги баёнотларини етказишини билдирган.
Айтиш жоизки, Германия ва Қирғизистон ўртасидаги савдо ҳанузгача анча паст даражада. Germany Trade & Invest маълумотларига кўра, 2021 йилда Германия Қирғизистонга 20 миллион еврога яқин маҳсулотни импорт қилган ва 49 миллион евродан сал камроқ қийматдаги товарларни экспорт қилган. Немис компанияларининг Қирғизистондаги сармоявий фаоллиги ҳам қониқарли даражада эмас. Шунга қарамасдан, Германия Қирғизистон хомашёсига қизиқиш билдирмоқда. Чунки бу ерда ноёб ер металлари ва олтиннинг йирик конлари бор.
LiveБарчаси