Германия Беларусь мухолифатига 21 миллион евро ажратди

Олам 4642
image

Германия Беларусь мухолифатини қўллаб-қувватлаш дастури учун тахминан 21 миллион евро ажратди. Бу ҳақда Германия Ташқи ишлар вазири Хайко Маас “Беларусь билан бирдамлик” онлайн-конференциясида айтиб ўтган.

Аввалроқ, Германия канцлери Ангела Меркель Германия Федератив Республикаси расмийлари Беларусь мухолифатини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳаракатлар режасини қабул қилганини таъкидлаган эди. Меркелга кўра, ушбу режа бошпана ва стипендия бериш, мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ.

“Ишонч ҳосил қилинг, Германия ва Европа Иттифоқи сиз томонда. Биз Лукашенко ва унинг режимига қарши санкциялар жорий қилдик. Шу билан биргаликда, 21 миллион еврони ўзи ичига олган “Беларусь фуқаролик жамияти” ҳаракатлар режасини ишлаб чиқдик”, дейди Германия Ташқи ишлар вазири. 

Вазир Хайко Маасга кўра, Германия Ҳукумати Беларусда бўлган намойишларда қатнашгани учун мактаб ва университетлардан ҳайдалган талабаларга стипендиялар ажратган. 

“Мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаймиз. Биз қийноқ қурбонларига айланганга психологик жароҳатдан даволаниши учун ёрдам кўрсатамиз ва таъқиб қилинаётган беларусларга Германияда бошпана берамиз”, дейди Германия Ташқи ишлар вазири. 

Шунингдек, вазир инсон ҳуқуқларини бузганларга қарши далиллар тўплашнинг механизми ишлаб чиқилишини айтган. 

“Улар жавоб берадиган кун келади. Беларусь халқи демократия, эркинлик ва қонун устуворлиги шароитида яшашга қодир бўлган кун келади”, дея қўшимча қилди Германия ТИВ раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, ўтган 2020 йилнинг 9 август куни Беларусда бўлиб ўтган Президент сайловида Александр Лукашенко олтинчи маротаба ғалаба қозонганидан сўнг, мамлакатда оммавий намойишлар бошланди. Сўнгра хавфсизлик кучлари томонидан намойишлар бостирилди. Шундай бўлсада, ҳар якшанба кунлари мамлакат пойтахти Минск кўчалари бўйлаб оммавий юришлар давом этмоқда. Уларда ҳатто нафақадаги қариялар ҳам иштирок этди.

Мухолифат раҳбари Светлана Тихановская эса Беларусь Президенти сайловида ғолиб чиққанини таъкидлаб келмоқда. У айни дамда Латвияда бўлиб турибди. Лекин Беларусга қайтишни режалаштирмоқда.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 81
Рейтинг: 3
t
×