Германия ҳозирча Фаластинни тан олмайди – Мерц
Олам
−
26 Август 3463 2 дақиқа
Германия канцлери Фридрих Мерц мамлакат ҳозирча Фаластин давлатини тан олиш ниятида эмаслигини билдирди. Бу ҳақда у бугун, 26 август куни Берлинда Канада Бош вазири Марк Карни билан биргаликда ўтказган матбуот анжуманида сўз очди.
Унга кўра, Фаластин давлат сифатида тан олиш учун зарур шартларни бажармаган ва сўнгги кунлардаги воқеалар ҳам Берлинда бу позицияни ўзгартирмаган. Мерц, шунингдек, Германия БМТ Бош ассамблеясининг сессиясида ҳам Фаластинни тан олиш ташаббусига қўшилмаслигини таъкидлаган.
“Биз бу ташаббусга қўшилмаймиз. Давлат сифатида тан олиш учун зарур шартлар мутлақо бажарилмаган. Сўнгги кунлар ва соатларда юз берган воқеалар ҳам бу масаладаги позициямизни ўзгартирмади”, деган Мерц.
Фаластинни тан олиш бўйича халқаро ташаббус Исроилнинг қарийб икки йилдан бери Ғазо секторида олиб бораётган ҳарбий амалиёти фонида фаоллашган. Бу амалиёт минтақадаги гуманитар вазиятни янада оғирлаштирди. 29 июль куни Британия Бош вазири Кир Стармер идораси Лондонда Фаластин давлатини БМТ Бош ассамблеяси сентябрдаги сессияси олдидан тан олиш режасини эълон қилди. Бунга сабаб сифатида Исроилнинг гуманитар ёрдам етказилишига тўсқинлик қилиши ва Ғазодаги операцияни давом эттириши кўрсатилди. 24 июль куни эса Франция Президенти Эммануэль Макрон Париж ҳам БМТ сессиясида Фаластин давлатини тан олишини билдирган эди.
Шунингдек, Мальта Бош вазири Роберт Абела ва Канада Бош вазири Марк Карни ҳам БМТ Бош ассамблеясининг сентябрдаги йиғилишида Фаластинни давлат сифатида расман тан олишини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 25 август куни Исроил Ғазодаги Носир шифохонасига берган зарбаларида камида 15 киши, жумладан, уч журналист ҳалок бўлганди. Расмийларга кўра, зарбалар оқибатида ҳалок бўлган журналистлардан бири, оператор Ҳуссам ал-Масри “Reuters” агентлигида ишлаган. Унда ишлаган фотосуратчи Хотам Холид эса яраланган.
Live
Барчаси