Gentra ҳайдовчисини йўлда калтаклаган ота-ўғилга ҳукм ўқилди

3-саҳифа

image

2025 йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани, Муқимий кўчасида Gentra ва BYD автомашиналарининг ҳайдовчилари ўртасида келиб чиққан можарода аёл ўз ҳомиласидан айрилгани ҳақида хабар берилганди. Воқеа ҳайдовчилардан бири йўлнинг ўнг бўлагига ўтишга уринаётган вақтда бошланган. Можаро давомида BYD ҳайдовчиси ва унинг отаси Gentra ҳайдовчисига ҳужум қилиб, автомобиль ойналарини синдирган ҳамда унинг ҳомиладор турмуш ўртоғига жисмоний тажовуз қилган. Мазкур ҳолат Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида кўриб чиқилиб, ҳукм ўқиди. QALAMPIR UZ суд хужжати билан танишди.

Суд ҳужжатига кўра, 2025 йилнинг 16 сентябрь куни Ю.И. ва унинг отаси У.Б. Муқимий кўчасида ўзларининг BYD машинасида ҳаракатланаётган бўлган. Сўнг улар Д.С. бошқариб кетоятган Gentra билан йўл талашиб, жамиятдаги юриш-туриш қоидаларни қўпол равишда бузган. Улар Д.С. нинг машинаси йўлини қисиб тўхтатиб, унинг машинаси ойнасини оёғи билан тепиб синдирган ва Д.С. танасининг турли қисмларига қўллари билан қасддан урган. 

Судда Ю.И. айбига қисман иқрор бўлиб, воқеа биринчи Gentra ҳайдовчиси Д.С. нинг унинг йўлига кескин чиқиб тормоз босганидан кейин бошлаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Gentra ҳайдовчиси 4-5 марта тормоз босган ва унинг отаси У.Б.ни ҳақорат қилган. Кейин Gentra’ни қисиб тўхтатиб, автомашинасининг ён ойнасини оёғи билан тепган ва оёғи жароҳат олган. Шунингдек, у судда автомашина ичида ҳайдовчининг турмуш ўртоғи борлигини кўрмаганига сабаб сифатида автомашинанинг ойналари қорайтирилган ҳолда бўлганини айтган.
У, шунингдек, фақатгина аёлнинг эрига тегмаслик ҳамда ҳомиладорлиги ҳақидаги гапини эшитгани ва шундан кейин аёлга тан жароҳати етказмаганлигини айтган.

Жабрланувчи С.М. судда Муқимий кўчасида ҳаракатланиб кетаётганда дастлаб BYD уларни сиқиб ўтганлиги ва кўприкка борганда уларни сиқиб тўхтатганини айтган. Шунингдек, у турмуш ўртоғи Д.С. ни ҳимоя қилиш мақсадида унинг бўйнидан қўлини ўтказаётганда унинг юз қисмига кимнингдир қўли келиб урилиши оқибатида кўкариш пайдо бўлганини айтган.

Воқеадан сўнг С.М. ўзини ёмон ҳис қилган ва 2025 йил 17 сентябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига мурожаат қилиб, уни у ерда шифокорлар кўриб, УЗИга тушириб, ҳомиласи тушганини аниқлаган. Жабрланувчи С.М. кўрсатмаси сўнггида суддан энг оғир жазо беришни сўраган.

Дастлаб судланувчиларга Жиноят кодексининг 104-моддаси (бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик ниятида қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “э,” “к” бандлари бўйича айблов эълон қилинган. 

Суд-тиббий экспертизаси жабрланувчида ҳаёт учун хавфли бўлмаган енгил тан жароҳатлари борлигини аниқлаган. Шу билан бирга, ҳомила тушиши ҳақидаги тахмин асосли деб топилмаган. Чунки, ҳодиса содир бўлгунга қадар ҳомиладорликни тасдиқловчи тиббий ҳужжатлар мавжуд бўлмаган. 

Суд Ю.И. ва У.Б. ни Жиноят кодексининг 277-моддаси (бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаган. Уларнинг ҳибсда сақланган вақтини инобатга олиб, 1 йил 6 ой 24 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент суд хужжати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг