“Газпром” жорий йилда Қозоғистон орқали Ўзбекистонга газ етказиб беришни бошлаши мумкин
Олам
−
16 Июнь 2023
5106“Газпром” 2023 йилнинг тўртинчи чорагида Қозоғистон орқали Ўзбекистонга газ етказиб беришни бошлаши мумкин. Бу бўйича Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида холдинг ва Ўзбекистон ўртасида шартнома имзоланди. Келишув тафсилотларини “Газпром” томонидан берилган баёнотга таяниб, ТАСС маълум қилди.
Маълум қилинишича, бугун, 16 июнь куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида “Газпром” раҳбари Алексей Миллернинг Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов билан ишчи учрашуви бўлиб ўтган.
“Газ соҳасида ҳамкорликнинг жорий ва истиқболли масалалари кўриб чиқилди. Томонлар Россия газини Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш бўйича шартнома ва Ўзбекистон газ узатиш тизимини Россия газ қувури газини қабул қилиш ва ташишга тайёрлаш бўйича “йўл харитаси”ни имзолади. Россия табиий газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга экспорт қилишни бошлашнинг режалаштирилган санаси 2023 йилнинг IV чорагидир”, дейилади хабарда.
“Газпром” раҳбари Алексей Миллер, шунингдек, Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев ва “QazaqGaz” бошқаруви раиси Санжар Жаркешов билан учрашув ўтказган. Унда улар газ етказиб бериш, қайта ишлаш ва ташиш соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилган ҳамда Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистон истеъмолчилари учун ташиш бўйича шартнома имзолаган.
Маълумот учун, Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми Россиядаги энг йирик иқтисодий тадбир ҳисобланади. Бу йил ушбу тадбир 14-17 июнь кунлари ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Россиянинг “Газпром” компанияси рахбари Aлексей Миллер ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтиб, томонлар ўртасида “йўл харитаси” имзоланган эди.
Кейинроқ, 9 февраль куни “Газпром” раҳбари Алексей Миллер ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика вазирлари Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Болат Ақчулаков музокаралар ўтказган. Унда Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб беришни ташкил этиш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳининг дастлабки техник баҳолари муҳокама қилинган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь