“Газпром” Украина орқали газ транзитини тўхтатди

Олам

image

“Газпром” Украина орқали газ етказиб беришни тўхтатди. Бу ҳақда Россия компанияси бугун, 1 январь куни хабар берди. 

Компания 2019 йил 30 декабрда “Газпром” ва Украинанинг “Нафтогаз” компанияси ўртасида Россия газини ташишни ташкил этиш бўйича имзоланган шартнома ва икки мамлакат GТS операторлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг амал қилиш муддати тугаганини эслатди. 

“Украина томонининг ушбу келишувларни узайтиришдан бир неча бор ва аниқ ифодаланган рад этиши туфайли “Газпром” 2025 йил 1 январдан бошлаб Украина ҳудуди орқали транзит учун газ етказиб бериш техник ва ҳуқуқий имкониятидан маҳрум бўлди”, дея таъкидлаган Россия компанияси.

Украина Энергетика вазирлигига кўра, Россия газининг Украина орқали транзити “миллий хавфсизлик манфаатлари учун” тўхтатилган.  

“Биз Россия газининг транзитини тўхтатдик, бу Россия бозорларини йўқотмоқда, у молиявий йўқотишларга дучор бўлади”, деган Украина Энергетика вазири Герман Галущенко.

“Reuters” ахборот агентлиги тахминларига кўра, етказиб беришнинг тўхтатилиши Украинанинг транзитдан йилига 800 миллион долларга яқин, “Газпром” эса газ сотишдан 5 миллиард долларга яқин даромадларини йўқотишига олиб келади. 2024 йилда Россия концерни ушбу йўналиш бўйлаб қарийб 15 миллиард куб метр ёқилғи етказиб берди, бу Европа Иттифоқидаги умумий истеъмолнинг 4,5 фоизини ташкил этди. Европа Иттифоқи транзитни тўхтатишга тайёрлигини эълон қилган бўлса-да, ҳамма давлатлар ҳам бу позицияни қўллаб-қувватламайди. Хусусан, Словакия Бош вазири Роберт Фицо  мамлакатда газ таъминоти тўхтаб қолгани сабабли газ инқирози юзага келишидан огоҳлантирди.

Европа мамлакатларига таъсири

“Reuters” хабарига кўра, Украина транзитини тўхтатиш Молдовага энг оғир таъсир қилади. Словакия, Чехия ва Австрия каби Россия газининг бошқа харидорлари муқобил етказиб бериш йўлларини ўрнатган. Венгрия Россия газини Турк оқими газ қувури орқали олишда давом этади.

“Европа учун арзон рус газининг йўқолиши иқтисодий секинлашувга, инфляциянинг кескин ўсишига ва ҳаёт нархининг ёмонлашишига олиб келди. Гарчи Европа тезда муқобил энергия манбаларини топса-да, рус газининг йўқолиши узоқ муддатли хавотирларни кучайтирди”, дея таъкидлайди агентлик.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Газпром” 2040 йилгача Қозоғистон орқали Ўзбекистон ва Қирғизистонга газ транзити бўйича узоқ муддатли шартномалар тузганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Газпром

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг