Ғазодаги жангларда Исроил вазирининг ўғли ҳалок бўлди

Олам

image

Исроил Вазирлар Маҳкамаси вазири ва собиқ ҳарбий раҳбар Гади Айзенкотнинг ўғли Галь Меир Айзенкот Ғазо секторидаги жангларда ҳалок бўлди. Бу ҳақда кеча, 7 декабрь куни “Миллий бирлик” партияси раҳбари Бени Ганц хабар берди.

63 ёшли Гади Айзенкот қаттиққўл генерал сифатида танилиб, 2015-19 йилларда Исроил Бош Штаб раҳбари лавозимида ишлаган. У ва Бени Ганц “Миллий бирлик” партиясидан депутат бўлиб, Исроилнинг Фаластиннинг Ғазо секторига ҳаво, қуруқлик ва денгиз ҳужумига сабаб бўлган ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳалокатли ҳужумидан кўп ўтмай, Бош вазир Биньямин Нетаньяху ҳукуматига қўшилганди.

Исроил ҳарбийлари 25 ёшли Галь Меир Айзенкотнинг ўлими ҳақида аниқ маълумот бермади, фақат унинг Ғазо сектори шимолидаги жангларда ҳалок бўлганини тасдиқлади.

“Мен бутун Исроил билан биргаликда Гадини ва унинг оиласини қўллаб-қувватлайман ва уни қучоқлаймиз. Биз Галь ҳалок бўлган муқаддас йўлда курашишни давом эттиришга содиқмиз”, дейди Ганц.

Нетаньяху эса ҳамдардлик мактубида ўзи ва аёли Саранинг чуқур қайғуда эканлигини билдириб, Гади Айзенкот ва унинг рафиқаси Ханага ўғиллари Галь Айзенкотни жасур аскар ва ҳақиқий қаҳрамон деб атаган. 

“Исроил ҳукумати ва Исроил фуқаролари сизлар билан бирга мотам тутмоқда. Қаҳрамонларимиз бежиз ўлмаган. Биз ғалаба қозонмагунимизча курашни давом эттирамиз”, деб қўшимча қилган у.

Мухолифат етакчиси Яир Лапид эса Галь ва Гади Айзенкотларнинг ҳарбий кийимда бир-бирини қучоқлаган ҳолда тушган суратини ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаштириб, унга шундай изоҳ қолдирди:

“Бу сурат. Бу қучоқ. Ота ва унинг ўғли. Ҳар иккиси ҳам формада. Иккала аскар ҳам шу мамлакатда. Улар иккаласи ҳам зарур чақириққа жавоб берди ва керак бўлганда ҳозиру нозир эди, нима қилиш керак бўлса, ҳамма нарсани қилди. Бир қучоқда бутун бир халқнинг тақдири”.

Жангларда Исроилдан 1200 кишини ўлдирилиб ва яна 240 кишини Ғазога гаровга олиб кетганидан сўнг, Исроил ҲАМАС гуруҳини йўқ қилишга ваъда берган.

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Ғазода 7 октябрдан бери 17 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган ва 1,9 миллионга яқин одам, яъни аҳолининг 85 фоизи ўз уйини тарк этган.

Ўз навбатида Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатлари томонидан террорчи гуруҳ деб эълон қилинган ҲАМАС ҳам Исроилни йўқ қилишга қасамёд қилган.

Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, Айзенкотга ўғлининг жароҳатлари ҳақида Исроил мудофаа кучлари  жанубий қўмондонлигига ташриф буюрганида маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг энг яхши снайперини ҲАМАС мергани отиб ўлдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг