Ғазода нафақат болалар, балки БМТ тизими ҳам ўлмоқда – Эрдўған
Олам
−
24 Сентябрь
2130Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТнинг ҳаракатсиз ва ишламайдиган ташкилотга айлангани ва ислоҳотга муҳтожлигини айтди. Бу ҳақда у бугун, 24 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясида сўз очди.
"Биз сўнгги йилларда БМТ ўзининг асосий миссиясини етарли даражада бажармагани ва тобора кўпроқ ишламай қолган, ноқулай ва инерт тузилмага айланиб бораётганини афсус билан кузатдик. Ҳозирги кунда бизга “Дунё бешдан катта” [БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари] шиори билан ифодаланадиган қадриятлар тобора кўпроқ зарур. Биз халқаро тинчлик ва хавфсизликни фақат бешта имтиёзли давлатга қолдириш учун жуда муҳим эканига гувоҳмиз. Ўзгаришлар керак”, дейди у.
Эрдўғаннинг фикрича, “БМТ самарасизлигининг энг драматик мисоли Ғазо секторида 353 кундан бери давом этаётган қирғин бўлди”. У Исроилнинг 7 октябрдан бери узлуксиз давом этаётган ҳужумлари оқибатида 41 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлганини, уларнинг аксарияти болалар ва аёллардан иборат эканини қўшимча қилди.
“Бир луқма қуруқ нон, бир қултум сув, бир пиёла ош топа олмагани учун ҳозиргача юзлаб Ғазо болалари ҳалок бўлди. Ғазода нафақат болалар, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизими ҳам ўлмоқда, ҳақиқат ўлмоқда. Ғарб ҳимоя қилмоқчи бўлган қадриятлар ўлиб бормоқда. Инсониятнинг адолатлироқ дунёда яшаш умидлари бирин-кетин сўниб бормоқда.
Мен бу ерда аниқ сўрайман: Эй инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, Ғазодагилар ва Ғарбий Соҳилдагилар инсон эмасми? Фаластиндаги болаларнинг ўқиш, яшаш ва кўчада ўйнашга ҳаққи йўқми? Эй халқаро матбуот ташкилотлари, Исроил жонли эфирда ўлдирган, идоралари босқинга учраган журналистлар ҳамкасбларингиз эмасми? О Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши, Ғазо қирғинининг олдини олиш ва бу зулм ва ваҳшийликка чек қўйиш учун нима кутмоқдасиз?” дейди Туркия етакчиси.
Шунингдек, у БМТ штаб-квартирасида Фаластин вакилларини кўришдан хурсанд эканлигини таъкидлади.
“Умид қиламанки, бу тарихий қадам Фаластиннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиши йўлидаги якуний бурилиш нуқтаси бўлади. Мен ҳали Фаластинни тан олмаган бошқа давлатларни шундай қилишга ва бу жуда муҳим даврда тарихнинг тўғри томонида туришга чақираман”, дейди Эрдўған.
LiveБарчаси