Эрдўған ҳаммасини унутмоқчи. Асад-чи?
Таҳлил
−
24 Сентябрь
7228Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған сўнгги 10 йилликдаги энг асосий душманларидан бири Сурия раҳбари Башар Асад билан учрашишга тайёр. У 21 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида иштирок этиш учун АҚШга учиб кетишдан олдин журналистлар билан суҳбатда Туркия ва Сурия муносабатларини нормаллаштириш учун Башар Асад билан гаплашишни хоҳлаётганини айтди. Эрдўған бу учрашув узоқ йиллик зиддиятлар ва ҳукуматлар ўртасидаги кескинликни юмшатиш ҳамда барча гина-қудратларга чек қўйишда ёрдам беришига ишонмоқда. Туркия Президенти Суриядаги кескин вазиятга чек қўйиш вақти келганини таъкидлаб, ўзининг Асадга қаратилган чақирувига Дамашқдан жавоб кутаётганини ҳам айтиб ўтди. Эрдўған Асадга бундай таклиф билан биринчи бор чиқаётгани йўқ. У ортда қолган 3 йил давомида Туркия ва Сурия муносабатларини нормаллаштириш лозимлиги ҳақида Башар Асадга вақти-вақти билан сигналлар бериб келди. Энди ҳамма гап Сурия етакчисида қолмоқда. Қадам ташлаш навбати унда. Аммо “Араб баҳори” бошлангандан то бугунги кунгача турк ва араб республикаси ўртасида шунчалар кўп воқеликлар ва ўта таранг зиддиятлар бўлиб ўтдики, бу айни дамда Эрдўған ва Асаднинг ярашувини реаллик доирасидан ташқарига ирғитиб юборди. Ўтган йиллар давомида Башар Асадни ҳокимиятдан ағдаришга уринишларда Эрдўғаннинг чуқур излари борлиги икки давлат ўртасидаги муносабатларни музлатди. Энди эса кўп нарса Сурия етакчиси ўзини қулатмоқчи бўлган мавқедошининг ишларини унутишига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Аммо ярашув фақатгина шу билан амалга ошиб қолмайди. Бу жараёнда яна бир қанча шартлар ва ҳисоб-китоблар талайгина. Эрдўғаннинг мақсадлари, Асаднинг шартлари, йирик ўйинчиларнинг омили, хуллас талайгина элементлар мавжуд. Қуйида шу масалалар ва Сурия-Туркия алоқаларининг қандай қилиб бундай аҳволга келиб қолгани ва нега айнан бугун Эрдўған ярашишни истаётгани ва бу осонликча амалга ошмаслигига атрофлича тўхталамиз.
Дастлабки келишмовчилик ва қисқа ярашув
Туркия ва Сурия зиддияти икки даврга бўлинади. Биринчи давр асрнинг сўнгги йилларида Сурия ҳукуматининг Туркия ҳудудий яхлитлигига жиддий зарар берувчи мамлакатдаги энг йирик этник озчилик – курдларни қўллаб-қувватлагани туфайли бошланган. Суриянинг Курдистон ишчи партияси террорчи ташкилотига хайрихоҳлик кўрсатгани Туркия ҳукуматининг жиддий норозилигига сабаб бўлди. Сурия ўз ҳудудида Курдистон ишчи партияси террор ташкилотига лагерлар очишга рухсат бериб, унинг раҳбарига мамлакат ҳудудида яшаш учун шароитлар яратиб берди. Ҳофиз Асаднинг бундай қарори эса Туркия ва Сурия ўртасидаги ҳудудий мунозара бўлиб келган Ҳатай вилояти бўйича келишмовчиликлар туфайли эди. Икки давлат орасидаги зиддият ҳарорати мана шу тарзда юқорилаганди. Айирмачи кайфиятдаги курдларнинг катта қисми учун бу айни муддао эди. Тарихан Усмонлилар қўл остида яшаган, аммо жаҳон урушларидан кейин Туркия ва бир қатор Яқин Шарқ давлатларида тарқалиб кетган курдларнинг сепаратистик руҳдаги қатлами 30-35 миллионлик миллати учун алоҳида давлат қуриш каби пафос билан ҳаёт кечирарди. Туркиянинг жануби-шарқий ҳудудлари ва Сурия билан чегарада истиқомат қилувчи 10 миллиондан ортиқ курдларнинг мавжудлиги турк расмийларини худди бугунги каби ўша кезларда ҳам ҳушёрликка тортган. Шундай шароитда айирмачи курд гуруҳларининг драйвери Абдулла Ўжаланнинг Дамашқда таралла бедод қилиб юриши расмий Анқарани жиғибийрон қиларди. Бу эса вақт ўтиши билан Туркияни Сурияга нисбатан ҳарбий таҳдид билан қўрқитиш даражасигача етаклади. Туркия Ҳофиздан Абдулла Ўжалан бошлиқ сепаратистларни мамлакат ҳудудидан чиқариб юборишни, акс ҳолда мамлакат ҳудудига бостириб киришни жиддий оҳангда таъкидлади. Дастлаб, Сурия бу таҳдидга бепарволик билан қаради, аммо Туркия талабига унинг НАТОдаги иттифоқчиси АҚШ номининг ҳам қўшилиши вазиятни тубдан ўзгартирди. 1998 йил кузида Сурия Туркия талабларини бажарди. Абдулла Ўжалан бошчилигидаги террорчи кучлар мамлакатдан чиқариб юборилди. Мазкур жараён фонида икки давлат ўртасида Адана келишуви имзоланди ва унга кўра, Сурия Туркиянинг “хавфсизлиги ва барқарорлигига таҳдид солувчи” ҳар қандай фаолиятга рухсат бермаслик ҳамда ўз ҳудуди орқали курд сепаратистларига молиявий ёки моддий ёрдам кўрсатмаслик мажбуриятини олди. Бундан ташқари, Адана келишувига биноан, Сурия Курдистон ишчи партиясини “террор ташкилоти” деб тан олиши ва унинг барча фаолиятини, шунингдек, унга алоқадор ҳар қандай гуруҳнинг Сурия ҳудудидаги фаолиятини тақиқлаши, Абдулла Ўжаланнинг эса мамлакат ҳудудига қайтишига рухсат бермаслиги белгилаб қўйилди. Шундай қилиб, икки давлат ўртасидаги зиддият олови маълум даражада сўнди. Келишмовчилик таҳдид ва босим билан амалга оширилганига қарамай, ўта совуқ муносабатларнинг юмшашидаги дастлабки натижа учун ёмон эмасди. Орадан 5 йил ўтар-ўтмас эса Ғарб коалициясининг Ироқдаги ғайриинсоний ҳарбий жинояти Сурия ва Туркияни чиндан-да ҳеч қандай босимларсиз бир-бирига яқинлаштирди. АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Дания ва Полша каби давлатларнинг бирлашган кучлари 2003 йилда халқаро ҳуқуқ нормаларига тупуриб қўйган ҳолда Ироқ ҳудудига бостириб кирди. Ўша пайтда босқинчи кучлар учун минтақа ҳудудида қўшимча портлар ва ҳарбий базалар керак эди ва АҚШ шундай эҳтиёж билан Туркияга юзланади. Аммо Туркия парламенти Ироқ билан уруш бошланган тақдирда 60 000 дан ортиқ америкалик аскарга турк базалари ва портларида ҳаракат қилишига рухсат бериш таклифини қабул қилмайди. Қоида тариқасида парламентдаги 533 нафар депутатнинг ярмидан кўпи, яъни ҳеч бўлмаганда 267 нафари ушбу таклифни ёқлаши лозим эди. Аммо талаб қилинган қўллов учун атиги 3 та овоз етмайди ва АҚШ сўровини 264 та депутат ёқлашига қарамай, Туркия Бош вазири Абдулла Гул бу таклифни “рад этилган” деб эълон қилади. Бу пайтда АҚШ ҳарбий кемалари денгизда ва Туркиянинг Искендерун портидан узоқроқда турган ҳолда турк қонунчиларининг жавобини кутарди. Якунда эса уларга рад жавоби берилди. Қўшма Штатларнинг ўша пайтдаги президенти кичик Жорж Буш томонидан Туркияга Ироққа бостириб киришда Анқаранинг қўллаб-қувватлашини таъминлаш мақсадида 6 миллиард доллар миқдоридаги мўмайгина грант ва 20 миллиард долларлик кредит кафолатларини ўз ичига олган иқтисодий ёрдам пакетини таклиф қилиши ҳам иш бермади. Туркия барча таклифларни рад қилди. Бу эса Сурия ва Туркиянинг икки томонлама муносабатларида бурилиш нуқтаси бўлди. Туркиянинг Ироқ борасидаги иродали қарори Сурия сиёсий элитаси онгида расмий Анқаранинг мустақил ҳаракат қила олмаслиги ҳақидаги стереотипларини йўққа чиқарди. Шундай қилиб, икки давлат ўзаро алоқаларда жуда катта қадамлар билан олдинга силжишни бошлади. Давлат ва ҳукумат раҳбарларининг ташрифлари бирин-кетин кўпайди. 2004 йилда марҳум Ҳофиз Асаднинг ўғли Башар Сурия Президенти сифатида Туркияга ўзининг илк ташрифини амалга оширди. Асад сўнгги 20 йил ичида Туркияга келган илк юқори даражали Сурия расмийси эди. Шу йилнинг охирида эса Туркиянинг ўша пайтдаги бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўған савдо шартномаси имзолаш учун Дамашққа йўл олди. Алоқалар шу тарзда ўзининг юқори нуқтасига чиқиб борарди. 2008 йилда Туркия, Сурия ва Исроил ўртасидаги келишмовчиликка сабаб бўлган Голан тепаликлари масаласини ҳал қилиш учун воситачиликка таклиф қилинди. Икки ўртадаги муносабатлар ҳатто ҳарбий соҳага ҳам кўчишга муваффақ бўлди. 2009 йил давлатлар ўзаро чегаралари бўйлаб қуруқликдаги қўшинлар иштирокида уч кунлик ҳарбий манёвр ўтказди. Шу тахлит Туркия ва Суриянинг узоқ йиллик зиддиятлари ювилди. 1998 йилда уруш ёқасига келиб қолган бу икки давлат эндиликда кўп масалаларда жуда яқин жипслик намойиш қилишни бошлаганди. Уларнинг 2004 йилдан 2010-11 йилларгача бўлган 6-7 йиллик илиқ муносабатлари ҳавас қиларли даражага чиқди. Аммо……….
“Араб баҳори” ва Асадни қулатиш режаси
2010 йил декабрь ойида Тунисда бошланган порахўрлик ва коррупцияга қарши намойишлар 2011 йилда бутун Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги араб давлатларига ёппасига ёйилди. Тарихга “Араб баҳори” номи билан кирган мазкур жараён ҳудудларда келгусида бошланажак қонли фуқаролар уруши учун асос бўлиб хизмат қилди. Кўп ўтмай Сурия ҳам ана шундай биродарлар уруши гирдобида қолди. Олий ҳокимият ва мухолиф кучлар ўртасида аёвсиз қирғинлар бошланди. Икки ўртада эса тинч аҳоли азоб-уқубат исканжасига ғарқ бўлди. Оддий халқ эзғиланган кўп сонли урушлардан бири 2011 йил июнь ойида Туркия билан чегарада жойлашган Идлибдаги Жиср аш-Шуғур шаҳрида бўлиб ўтади. Бу воқеа Суриянинг дунёда тутган ўрни ва сиёсий имижининг кейинги тақдирини белгилаб берди. Пойтахт Дамашқдан 330 км, Туркия билан чегарадан эса 20 км узоқликда жойлашган Жиср аш-Шуғур шаҳрида ўша пайтда 50 минг аҳоли ярашарди. 6 июнь куни шаҳарда 120 аскар ва полицияси намойишчилар томонидан йўқ қилингани ҳақида хабарлар тарқалади. Сурия хавфсизлик кучлари 9 июнь куни шаҳарга етиб келиб, 12 июнь куни эрта тонгда 200 га яқин ҳарбий техника, жумладан, танклар ва вертолётлардан фойдаланган ҳолда ҳудудда операция бошлайди. Бу ҳол бутун дунёда Асаднинг ўз халқига қурол кўтарган қотил раҳбар сифатида гавдаланишига олиб келди. Аммо Сурия давлат матбуотига кўра, ўша пайтда “Жиср аш-Шуғур яқинида ва шаҳар ичида ҳукумат армияси ўз ўрнини эгаллаб, ҳарбий ҳаракатлар бошлаган пайтда шаҳар деярли бўш бўлган. Яқин атрофдаги аҳолига шаҳар ўққа тутилгани хабар қилинган бўлса-да, армия генерали қўшинлар фақат ўз сафдошларининг ўлимига сабабчи бўлганларни топишга ҳаракат қилишаётганини ва шаҳарни ўққа тутмаганини айтган”. Бошқа маълумотларга кўра ҳам шаҳарда тинч аҳоли қолмаган. Ўша пайтда Сурия армиясининг полковниги Ҳусайн Ҳармус шаҳар ичидан туриб Ал-Арабия телеканалига “айни дамда Жиср аш-Шуғур шаҳри тинч аҳоли томонидан бутунлай ташлаб кетилган, биз бу ерда ягонамиз”, деган. Аммо маҳаллий аҳоли журналистларга полициянинг ўлдирилиши, Асаднинг махсус хизматлари томонидан намойишчиларга қарши “жавоб террори” уюштириш учун атайин амалга оширилганини маълум қилган. Бир қанча жонли гувоҳларнинг Al Jazeera’га берган маълумотларига кўра эса, мазкур қирғин ҳукумат қўшинлари ва полициянинг бир қисми қўзғолон кўтариб, маҳаллий аҳолига қўшилган ҳолда ҳокимиятга қарши ҳаракат қилгани учун бошланган. Хуллас, нима бўлган тақдирда бу воқеа юзасидан ҳамиша икки хил қараш бир-бирини инкор қилаверади. Сурия расмий доиралари мамлакат қуролли кучларининг операцияси террорчи гуруҳларга қарши қаратилганини тинмай такрорласа, Сурия мухолифати ва дунёнинг аксар қисми буни тинч намойишчиларга қарши репрессия деб атайди. Шундай қилиб, ушбу воқеалар фонида шаҳардаги тинч аҳоли турли томонларга тарқаб кетади. 4000 дан ортиқ суриялик Жиср аш-Шуғурдан атиги 20 км узоқликда жойлашган Туркия билан чегара томон йўл олади ва улар учун Туркия ҳукумати томонидан бир нечта лагерлар ташкил қилинади. Ўша пайтдаги Туркиянинг бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўған Башар Асад “ўз халқига қарши ваҳшийлик қиляпти”, дея таъкидлайди. Туркия Асаднинг бу ишини ўз халқига уюштирган қирғин сифатида баҳолайди ва айнан шу лаҳзадан ортда қолган йиллар давомида икки давлат ўртасида эндигина тикланган илиқ муносабат иплари узилади. 2011 йилнинг июнь ойидаги жанглардан сўнг, август ойига келиб Туркия Сурияга нисбатан мутлақ зид позицияни эгаллай бошлади. Ҳатто ўша кезлардаги ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғли Сурияга бориб, турк сиёсий элитаси Башар Асад ҳукуматининг “ваҳшийлиги”га сабрсиз бўлиб бораётгани ҳақидаги хабарни етказади. Бундан ташқари, Аҳмет Довутўғли Туркия ва Сурия ўртасидаги барча келишувлар, шу жумладан савдо шартномалари бутунлай тўхтатилганини айтди. Аммо бу икки давлат ўртасидаги кескинликнинг бошланиши эди, холос. Бундан кейин Сурия томонидан содир этилган кескин ҳаракатлар зиддият оловига керосин сепишда давом этди. Жумладан, ноябрь ойида туркиялик зиёратчилар Саудия Арабистонидан қайтаётганда улар ўтирган икки автобус Сурия аскарлари томонидан ўққа тутилди. Сурия аскарлари йўловчилар турклар эканини билишгач, уларга ҳужумга ўтган. Ҳужумда икки киши жароҳатланади. Кейинги йил Сурия кучлари чегарада отишмалар уюштирди ва бу икки кишининг ўлими ҳамда кўплаб одамларнинг жароҳатланишига сабаб бўлди. 2012 йил 22 июнида Сурия ҳарбийлари Туркия самолёти Сурия ҳаво ҳудудини бузганини даъво қилиб, чегара яқинида Туркия ҳарбий ҳаво кучларининг разведка самолётини уриб туширди. Асад режимининг айнан шу иши Туркиянинг сабр-косасини тўлдирди. Пичоқ келиб суякка урилганди, ўшанда. Расмий Анқара ҳарбий учоқларнинг қўшни давлат ҳаво ҳудудининг кичик қисмини бузиб кириши нормал ҳолат дея таъкидлайди. Туркиянинг ўша пайтдаги президенти Абдуллоҳ Гул бундай иш кечирилмаслиги ва бунга қарши нима қилиш керак бўлса, шубҳасиз амалга оширилишини эълон қилади. Туркия бу сафар ўз нишонини аниқ белгилаб олади. Турк бошқарувчилари Асад режимини тугатиш ва уни ҳокимиятдан ағдаришга қатъий бел боғлайди. Улар буни амалга ошириш учун ҳатто АҚШ билан ҳамкорлик қилишга ҳам тайёр эди. Тез орада шундай ҳам бўлди. Туркия АҚШ билан биргаликда Сурия ҳукуматини алмаштириш бўйича жиддий ҳаракатларни бошлайди. Туркияга нисбатан қилинган провокацион ҳаракатлар ортидан Туркия парламенти трансчегаравий операцияларни тасдиқлади. Туркияни Бош вазир сифатида идора қилган Эрдўған 2012 йилнинг охирларига келиб Туркия уруш бўсағасида эканлигини оммага маълум қилди. Аммо бу сўзлардан кейин ҳам турк қўшинлари Сурия режимига қарши очиқдан очиқ уруш бошламади. Улар дастлаб Москвадан Дамашққа учаётган рейс бўйича ўз ҳаво ҳудудида тутиб олиб, Анқара аэропортига мажбуран қўндиради. Инспекторлар ҳарбий алоқа воситалари ва ракета қисмлари деб ҳисобланган буюмларни мусодара қилди. Сурия эса Туркиянинг бу ҳаракатини “ҳаво қароқчилиги” деб атаб, Туркиянинг фуқаролик парвозларини ўз ҳаво ҳудудидан ўтишини тақиқлайди. Орадан икки ҳафта ўтар-ўтмас Суриядан учирилган снарядлар чегарадаги Ҳатай вилоятида жойлашган соғлиқни сақлаш марказига келиб тушади. 2013 йилда эса худди шу Ҳатай вилоятида Туркия ҳудудидаги энг ҳалокатли террорчилик ҳаракати содир бўлди. Рейҳанли шаҳрида машиналарнинг портлаши оқибатида 53 киши ҳалок бўлди ва 140 дан ортиқ одам жароҳатланганди. Ушбу террорчилик актига алоқадор 30 га яқин шахс қўлга олиниб, уларнинг ортидаги асосий гумонланувчи Асад режими эди.
Туркиянинг Сурияга кириши
Кичик миқёсдаги ҳарбий провокацияларга кўз юмиб келган Туркия 2016 йилда Сурия масаласида жиддий қарор қабул қилди. Шу йилнинг август ойида турк Қуролли кучлари Сурия шимолида “Фират қалқони” деб номланувчи қуруқликдаги операцияни бошлади. Операциядан эса асосан уч мақсад кўзланиб, булар фуқаролик урушларидан сўнг бўй кўрсатган ва анча фаоллашган ИШИДга қарши курашувчиларни қўллаш, Курдистон ишчи партиясининг террорчи кланларини йўқ қилиш ва Асад режимини маълум маънода тийиб қўйиш эди. Бошланган махсус операция давомида Туркия Идлиб шимолидаги Африн ва Кобани ўртасидаги ҳудудларни эгаллаб олди. Бу орада Туркия 2011 йил фуқаролик урушлари фонида тузилган Асадга мухолиф гуруҳ Сурия озодлик армияси билан яқин алоқалар ўрнатди. Сентябрь ойига келиб расмий Анқара Жараблус ва Азиз ўртасидаги ҳудуд ИШИДдан тортиб олингани ўзи томонидан қўллаб-қувватланаётган Сурия озод армияси назорати остида эканини эълон қилди. Турк қўшинлари бу билан чекланиб қолмади ва Сурия шимолининг бир қисмини ишғол қила бошлади. 2017 йил март ойида Туркия Сурия шимолидаги “Фират қалқони” операциясини муваффақиятли якунлади. Аммо унинг қуруқликдаги қўшинлари “Фират қалқони” операцияси давомида қўлга киритилган ҳудуддан чиқиб кетмади ва у ерда хавфсизликни таъминлашда давом этди. Маълумотларга кўра, турк ҳарбийлари Асадга қарши бўлган маҳаллий исёнчи гуруҳлар ва полиция кучларини қўллаб, Сурия маҳаллий маъмурий кенгашларига таъсир ўтказган ҳолда, ҳудудга йўналтириладиган гуманитар ёрдам устидан назоратни амалга оширишни бошлайди. 2017 йил охири ва 2018 йил бошида Туркия Суриядаги халқаро ва ички қуролли можаролардаги иштирокини янада кучайтирди. 2017 йил октябрь ойида расмий Анқара ниҳоят Россия ва Эрон билан келишилган деэскалация зонаси доирасида Сурия шимолидаги Идлиб вилоятида ўз қўшинларини жойлаштирди. Туркия Сурия шимолидаги шаҳарчалар устидан катта ҳажмдаги назоратни қўлга киритди ва у ерда бир қатор гуманитар лойиҳаларга бош-қош бўлди. Жумладан, Афринда саломатлик маркази очди ва босиб олинган ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш учун “Сурия Таск Форcе” деб номланган полиция кучини ташкил қилди. Сурия шимоли-ғарбидаги ҳудудларда мактаблар ва касалхоналарни қайта қуришни бошлади. Туркиянинг Суриядаги ҳаракатлари булар билан ҳам чекланиб қолмади. 2019 йилнинг октябрида минтақадаги яна бир асосий ва энг йирик ўйинчи АҚШ қўшинларининг Сурия шимолидан чиқа бошлаши Туркия учун кейинги мақсадларини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар очиб берди. 2019 йил 9 октябрь куни Туркия Сурия шимолидаги курд қўшинларини супуриб ташлаш ва Суриянинг Туркия билан чегарасида хавфсиз ҳудуд яратишга қаратилган “Тинчлик булоғи” операциясини бошлади. Амалиёт натижасида Сурия ва Туркия ўртасидаги чегара бўйлаб 30 км узунликдаги хавфсиз ҳудуд яратилди. Орадан бир ҳафта ўтиб Қўшма Штатлар ва Туркия ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга эришди ва бунга биноан, АҚШ узоқ вақтдан буён қўллаб келган курд айирмачиларига Анқара ўрнатмоқчи бўлган хавфсиз ҳудуддан чиқиб кетишлари учун беш кун муҳлат берилди. Шу билан можаро анча тин олди ва курд жангарилари келишилгандек 5 кун ичида ҳудуддан чиқиб кетди. Курдлар масаласини маълум даражада ҳал қилгандан сўнг Эрдўғаннинг Асад билан ҳисоб-китоб дафтари қайта очилди. 2020 йил декабрь ойида Сурия Идлиб вилоятининг бир қисмини Туркиядан қайтариб олишга ҳаракат қилди. Бу қарама-қаршиликлар Россия томонидан қўллаб-қувватланган Сурия қўшинлари ва Туркия ўртасида тўғридан тўғри тўқнашувларга олиб келди. Ушбу жанговар ҳаракатларни тугатиш учун 2020 йил март ойида Россия ва Туркия ўртасида Сурия иштирокисиз ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим имзоланди. Баъзи қоидабузарликларга қарамай, ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув ҳамон кучда ва ўшандан бери вазият сезиларли даражада тинчроқ ҳолга келди.
Эрдўған Асадга тушадиган калитни топа оладими?
Эрдўған Башар Асадни қулата олмади. Бу Туркия бошқаруви тепасидаги ўта кучли харизматик лидернинг ташқи сиёсатдаги кам сонли муваффақиятсизликларидан бири бўлди. Аммо Эрдўғаннинг Суриядаги кўп тармоқли миссияси умумий маънода қониқарли баҳога лойиқ. У Туркия чегарасида сўнгги йилларда анчагина қалашиб қолган курд айирмачиларини тийиб қўйишга муваффақ бўлди ва бу ҳали ҳам давом этиб келмоқда. Бундан ташқари, Суриянинг ўзи билан чегарадаги ҳудудларини ИШИДдан тозалашга эришди. Шу ва бошқа мақсадларга маълум маънода етишган Эрдўған учун энди Асад билан ёқалашишдан маъно йўқ. Аксинча, бугунги шароитда ҳатто у билан яқинлашиш ва ярашиши лозим. Сабаби ортда қолган йиллар ичида сиёсий беқарорлик туфайли Суриядан миллионлаб қочқинлар Туркия томон йўл олди. Сўнгги маълумотларга кўра, бугун Туркияда 3 миллион 200 минг суриялик қочқин истиқомат қилади. Туркия ҳукумати шу кунгача улар ичидан 238 минг нафарига фуқаролик тақдим қилган. Аммо сўнгги йилларда Туркия бошдан кечираётган чуқур иқтисодий тушкунлик, жуда юқори инфляция ва нарх-навонинг ошиши каби оғриқли муаммолар фонида 3 миллиондан ортиқ суриялик қочқинларга сарфланган ва сарфланиб келаётган маблағлар кун тартибига чиқмай қолмайди. Бу омил бугун Эрдўғанга қарши мухолифат учун ички сиёсий курашлардаги энг муҳим қуролига ҳам айланиб улгурди. Жорий йил ёзда суриялик қочқин томонидан 5 ёшли қизалоқнинг зўрланиши ва бунинг ортида халқнинг жиддий норозилиги ҳамда мухолифатнинг зудлик билан жонлангани мазкур муаммо ўта жиддий эканини очиб берди. Шундай шароитда қочқинларни мамлакат ҳудудида узоқ ушлаб туриш Эрдўған устидаги босим юкини оғирлаштирмоқда. Катта эҳтимол билан Туркия Президенти тезроқ ва энг яқин муддатларда Асад билан музокараларни қайта бошлаш ва Суриядаги Туркия назорати остидаги ҳудудларга, жумладан жангарилардан тозаланган хавфсиз зоналарга қочқинларни қайтаришдан манфаатдор. Унинг Сурияда амалга оширган сўнгги ишлари ҳам айнан шунинг учун эди. Сурияликларни ўз ватанига қайтариш бир қарашда осон ишдек туюлиши мумкин, аммо бу ерда Эрдўған олдидаги энг катта тўсиқ Башар Асаддир. У билан музокара бошлашга халал бераётган муаммо эса бугун Сурияда турк қўшинларининг мавжудлигидир. Асад Суриянинг қатор ҳудудларида Туркия ишғоли остида қолар экан, музокаралар ҳақида гап-сўз бўлмаслиги ҳақида бир неча бор сигналлар бериб келди. Унинг шартлари аниқ. Хусусан, 2021 йил икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари Қўшилмаслик ҳаракати саммитида учрашди. Шу пайтдан бошлаб Туркия расмийлари Сурия ҳукумати ва мухолифатини келишишга чақира бошлади. Маълум муддат ўтиб эса Туркия матбуоти Сурия ҳукумати дипломатик муносабатларни тиклаш учун қўйган шартларни эълон қилди. Унга кўра, Туркия Идлиб устидан назоратини Сурияга қайтариши, исёнчиларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиши ва Сурия суверенитетини ҳурмат қилиши лозим эди. Бундан ташқари, бир қанча муҳим коридорларнинг назорати Дамашққа ўтиши ҳамда Туркия АҚШ ва Европа иттифоқи томонидан Сурияга нисбатан жорий қилинган санкцияларни юмшатишга ёрдам бериши ҳам талаб қилинади. Асаднинг шартлари жудаям бўрттириб юборилгани очиқ-ойдин кўриниб турарди. Бу орада икки ўртада яқинлашувга интилиш қисқа муддатга тўхтаб қолгандай кўринди. 2022 йилнинг ноябрь ойида Туркия Суриядаги курд жангариларига қарши “Танжа-қилич” деб номланган янги операцияни бошлади ва Эрдўған Асад билан музокара олиб боришга чақириқлар қилишда давом этди. 2023 йилнинг январида ва яна март ойида Президент Асад Президент Эрдўған билан ҳар қандай учрашув фақат “Туркиянинг “ноқонуний ишғол”и тугагачгина содир бўлишини айтди. Бироқ мана охирги 3 йилдирки, ишғол шароитида бўлса ҳам Эрдўған Асадни музокара столига ўтказиш йўлларини излашдан тўхтамаяпти. Чунки Туркиядаги қочқинлар масаласи борган сари таранглашмоқда. Воқеалар ривожи эса икки раҳбарнинг учрашуви тез орада бўлишига ишора қиляпти. Чунки сўнгги ойларда Башар Асад ўзининг ҳавойи шартларининг катта қисмидан воз кечгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шундай шароитда эса жорий йил ёзда Асад ва Эрдўғаннинг эҳтимолий учрашуви ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Сурия Президенти Башар Асад ўртасидаги учрашув август ойида чегара назорат пунктида бўлиб ўтиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. 24 июль куни Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Эрдўған ва Асад ўртасидаги учрашувни ташкил қилиш устида иш олиб бораётганини айтганди. “Hürriyet” газетаси манбаларга таяниб, бу учрашув август ойида Бағдодда ўтказилиши кутилаётгани ҳақида хабар берганди. Аммо бошқа оммавий ахборот воситалари музокаралар Москвада бўлиши мумкинлигини ёзди. Бироқ августда ҳеч қандай ҳодиса рўй бермади. Бироқ Туркиядаги ички муаммолар таранглашар экан, Сурияга эса ўз қўшниси ва минтақада амалдаги қудрат бўлган расмий Анқара билан 2000 йиллардаги каби яхши муносабатлар керак бўлса, бу учрашув, албатта, содир бўлади. Эрдўған ва Асад бошқа қатор муаммолардан ташқари, ҳеч бўлмаганда борган сари қутуриб бораётган босқинчи Исроилнинг Шом юртига эҳтимолий тажовузини олдини олиш мақсадида ҳам учрашиши лозим. Бугун бу жуда муҳим.