Ғазо ва Ғарбий Соҳил Фаластин назоратига ўтиши керак – Байден
Олам
−
19 Ноябрь 2023
10073АҚШ Президенти Жо Байден Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳил Фаластин маъмурияти назорати остида бўлиши кераклигини маълум қилди. Бу ҳақда у “The Washington Post” газетасида чоп этилган мақоласида ёзган.
“Биз тинчликка интилаётган эканмиз, Ғазо ва Ғарбий Соҳил ягона бошқарув тузилмаси остида бирлашиши керак. Биз шундагина тикланган Фаластин маъмурияти бошчилигида икки давлат ўртасидаги можарога ечим топа оламиз”, деб ёзган Байден.
АҚШ раҳбарининг қўшимча қилишича, фаластинликлар Ғазодан мажбуран кўчирилмаслиги, шаҳарлари қайта ишғол қилинмаслиги, ҳеч қандай қамал, блокада ёки ҳудудни қисқартиришлар бўлмаслиги керак.
Байден шунингдек, Исроил раҳбарларига мурожаат қилиб, Ғарбий Соҳилда фаластинликларга қарши зўравонликларни тўхтатиш ва айбдорлар жавобгарликка тортилиши кераклигини айтган.
“Вашингтон бу борада чоралар кўришга тайёр, жумладан, Ғарбий Соҳилдаги тинч аҳолига ҳужум қилаётган экстремистларга виза тақиқини жорий этиш орқали”, деган АҚШ Президенти.
Унинг ёзишича, халқаро ҳамжамият урушдан кейин анклав аҳолисини қўллаб-қувватлаш учун ресурсларни, жумладан, вақтинчалик хавфсизлик чораларини кўриши ва Ғазонинг узоқ муддатли эҳтиёжларини барқарор қондириш учун қайта қуриш механизмини яратиши керак.
Бундан ташқари, сёсатчи ҲАМАС ўз “мафкураси”га амал қилар экан, Ғазодаги сулҳ ҳеч қачон муқум тинчликка олиб келмаслигини айтган. Унга кўра, ўт очишни тўхтатиш – ҳаракат жангчилари ракета захираларини тиклаши, қўшинларини қайта жойлаштириши ва янги ҳужум режалари тузиши учун вақт беришдир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жо Байден АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Молия вазири Жанет Йелленга Ғарбий Соҳилдаги фаластинликларга ҳужум қилаётган ва уларни мажбуран кўчириб ўтказаётган исроиллик кўчманчиларга қарши виза чекловлари ва санкциялар тайёрлашни топширганди.
LiveБарчаси