Ғазо секторида юқумли касалликларнинг тарқалиши муқаррар – ЖССТ
Олам
−
23 Декабрь 2023
2729Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ғазо секторида санитария шароитларининг ёмонлиги ва тоза сув етишмаслиги туфайли юқумли касалликлар тарқалиши муқаррар эканидан хавотирда.
Очлик азоби эса Ғазони вайрон қилмоқда ва бу бутун сектор бўйлаб болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳамда кекса одамларда касалликларни кучайтириши кутилмоқда. Бу ҳақда жорий йилнинг 21 декабрь, пайшанба куни ташкилот расмий сайтида маълум қилинди.
"1,9 миллиондан ортиқ одам ўз уйини ташлаб кетган, уларнинг 1,4 миллиондан ортиғи гавжум бошпаналарда қолмоқда. Бу шароитлар юқумли касалликларнинг давом этишига олиб келади", дейилади ЖССТ баёнотида.
"Бугунги кунда Ғазода ўртача ҳар 4500 кишига битта душ ва ҳар 220 кишига битта ҳожатхона тўғри келади. Тоза сув танқислигича қолмоқда ва очиқ ҳавода дефекация даражаси ортиб бормоқда. Бу шароитлар туфайли юқумли касалликлар тарқалиши турган гап".
Октябрь ойининг ўрталаридан буён анклавда 100 мингдан ортиқ диарея ҳолати қайд этилган. Баёнотга кўра, бу ҳолатларнинг ярми беш ёшгача бўлган болаларда содир бўлган, бу можародан олдинги даражадан 25 баравар юқори.
"150 мингдан ортиқ юқори нафас йўллари инфекцияси, кўплаб менингит, тери тошмаси, қўтир, бит ва сувчечак ҳолатлари қайд этилган", дейилади хабарда.
Баёнотга кўра, нотўғри овқатланган болалар диарея, пневмония ва безгакдан ўлиш хавфи юқори, айниқса, ҳаётни сақлаб қолиш учун тиббий хизматлардан фойдалана олмаганларида.
Шунингдек, Ғазода аҳолининг 93 фоизи очлик инқирози, озиқ-овқат етишмовчилиги ва юқори даражадаги тўйиб овқатланмаслик билан юзма-юз келмоқда. Камида 4 уй хўжалигидан 1 таси "ҳалокатли шароитларга" маҳкум.
Эслатиб ўтиш керакки, жорий йил декабрь ойи бошларида Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ғазо қочқинлар лагерларида камида 360 минг кишида юқумли касаллик қайд этилгани ҳақида билдирган эди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15