Гарвардга хорижий талабалар қабули тақиқланиши мумкин

Олам

image

Гарвард университети АҚШ Президенти Доналд Трамп маъмуриятининг талабларини бажармаса, хорижий талабаларни қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Кеча, 16 апрель куни АҚШ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм Гарвард университетига ажратилган жами 2,7 миллион доллардан ортиқ қийматдаги икки грантни бекор қилганини эълон қилди. У университет раҳбариятидан жорий йил 30 апрелга қадар хорижий талаба визаларига эга шахслар ҳақида ҳисобот тақдим этишни талаб қилди.

Ноэмнинг баёнотига кўра, агар бу талаблар бажарилмаса, Гарварднинг “Student and Exchange Visitor Program” – Талабалар ва алмашув дастурлари бўйича сертификати қайтариб олинади. “Reuters” изоҳига кўра, бу ҳужжат бекор қилинса, университет чет эллик талабаларни қабул қилиш имкониятидан маҳрум бўлади.

Гарвард вакили нашрга университет АҚШ Ички хавфсизлик вазирининг мактубини олганини тасдиқлаган. У Гарвард президенти Алан Гарбернинг жамоатчилик олдида Вашингтон талабларига бўйсунмаслигини билдирганини эслатиб, университет барча қонуний талабларни бажаришга тайёрлигини, бироқ ўз мустақиллиги ва конституциявий ҳуқуқларидан воз кечмаслигини таъкидлаган.

“The Wall Street Journal” нашрининг ёзишича, АҚШ Молия вазирлиги Солиқ хизматига мурожаат қилиб, Гарвардни федерал солиқдан озод қилувчи нотижорат мақомидан маҳрум этишни сўраган. Бироқ нашрнинг қайд этишича, бу жараён қандай амалга оширилиши ҳозирча номаълум. АҚШ солиқ қонунчилиги Президент ёки юқори мартабали амалдорларга аниқ солиқ тўловчиларга нисбатан текширув бошлаб беришни тўғридан тўғри ёки билвосита талаб қилишни тақиқлайди.

Маълумот учун, Гарвард ва Трамп маъмурияти ўртасидаги зиддият 2023-2024 йиллардаги воқеаларга бориб тақалади. Ўшанда университет шаҳарчасида Исроилнинг Ғазо бўйича ҳарбий операцияси қораланган норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди. Гарварддаги яҳудий талабалардан иборат бир гуруҳ бошқа талабалар орасида антисемитизм кучайганини айтиб, университет устидан судга мурожаат қилган. Ўша пайтда университет президенти бўлган Клодин Гэй истеъфога чиққан.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 апрель куни Дональд Трамп Гарвард университетини федерал молиялаштиришдан маҳрум қилиш лозимлигини айтганидан сўнг АҚШ федерал ҳукумати университетга бериб келинган 2,2 миллиард доллардан ортиқ грантлар ва 60 миллион долларлик шартномаларни музлатиб қўйганди. Трамп университет раҳбариятини “радикал чап қанот вакиллари, аҳмоқлар ва бошқаларга фақат муваффақиятсизликни ўргатадиган бўш бошли одамларни ишга олгани” учун танқид қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Доналд Трамп Гарвард Алан Гарбер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг