Трамп Гарвард грантлари бўйича 2,2 млрд долларни музлатиб қўйди
Олам
−
15 Апрель
1913АҚШ федерал ҳукумати Гарвард университетига бериб келинган 2,2 миллиард доллардан ортиқ грантлар ва 60 миллион долларлик шартномаларни музлатиб қўйди. Бу ҳақда АҚШ Таълим вазирлигининг кеча, 14 апрель куни чоп этилган пресс-релизида келтирилган.
Қайд этилишича, университет аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятининг кампусдаги фаоллик борасидаги талабларини бажармаслигини билдирган.
AP'нинг ёзишича, 11 апрель куни Трамп маъмурияти Гарвардга мактуб йўллаб, университет бошқарувида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш, шунингдек, қабул сиёсатига ўзгартириш киритишни талаб қилди.
Агентлик маълумотларига кўра, Трамп маъмуриятининг Гарвардга қўйган талаблари, шунингдек, университет, профессор-ўқитувчилар ва раҳбариятнинг хилма-хиллик ҳақидаги қарашларини кўриб чиқиш ва кампусда ниқоб кийишни тақиқлашни ўз ичига олади. Журналистларнинг фикрича, охирги талаб Фаластин тарафдори бўлган намойишчиларга қаратилган эди.
Бундан ташқари, АҚШ федерал ҳукумати университетдан “жиноий фаолият, ноқонуний зўравонлик ёки ноқонуний таъқибларни қўллаб-қувватловчи ёки тарғиб қилувчи ҳар қандай талаба гуруҳлари ёки клубларини” тан олишни ёки молиялаштиришни тўхтатишни талаб қилган.
Федерал ҳукумат, агар Гарвард ўз сиёсатини Трамп маъмурияти талабларига мувофиқлаштирмаса, 9 миллиард долларлик грант ва шартномалар хавф остида бўлишини айтган.
Ўз навбатида, Гарвард университети президенти Алан Гарбер кеча, 14 апрель куннинг ўзидаёқ жавоб йўллаб, университет ҳукумат талабларини бажармаслигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гарвард университети профессорлари АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти устидан ҳукуматнинг университетни молиялаштиришни 9 миллиард долларга қайта кўриб чиқиш режалари юзасидан судга мурожаат қилганди. Бунга 8,7 миллиард доллар грантлар ва 255,6 миллион доллар Гарвард, унинг филиаллари ва федерал ҳукумат ўртасидаги мавжуд шартномалар киради.
LiveБарчаси
Самарқандда даҳшатли авария содир бўлди.
24 Апрель