Ғарб давлатлари Афғонистондаги томонларни келишувга қадар сулҳга чақирди

Олам

image
0:00
0:00
download

АҚШ ва Европа давлатлари Афғонистондаги зиддиятли томонларни якуний сиёсий келишувга эришгунига қадар мамлакатда доимий ва кенг қамровли сулҳ тузиш тўғрисида келишиб олишга чақирди. Бу ҳақда улар қабул қилган баёнотда айтилган. 

“Биз барча томонларни халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича ўз мажбуриятларига риоя қилган ҳолда, зўравонликни минималлаштириш ва тинч аҳолини ҳимоя қилишга чақирамиз. “Толибон”ни ҳарбий ҳужумларини тугатишга, Ислом Республикаси билан “Толибон”ни эса тинчлик жараёнига конструктив равишда жалб қилишга чақирамиз. Музокаралар муваффақиятли ўтишини таъминлаш ва Афғонистон хавфсизлик кучлари талофатларини тан олиш учун сулҳга эришишнинг фавқулодда зарурлигини тасдиқлаймиз”, дейилган ҳужжатда. 

Баёнот муаллифларининг таъкидлашича, якуний сиёсий келишувга эришиш “вақт талаб қилиши мумкин”, аммо можаро ҳарбий йўл билан ҳал этилмайди ва бундай бўлиши ҳам мумкин эмас. 

Таъкидланишича, баёнот Афғонистондаги вазиятга бағишланган халқаро учрашувдан сўнг қабул қилинган. Унда АҚШ, Европа Иттифоқи, НАТО, Франция, Германия, Италия, Норвегия ва Буюк Британиядан махсус вакиллар иштирок этган.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон АҚШ Ғарб

Баҳолаганлар

23

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг