Ғанимат. Мурод Хонтўраев хотирасига бағишланади
Интервью
−
24 Июль 2021
72641Биринчи бўлмоқ ҳамиша қийин. Ўрнак бўлиш, ортингдан эргаштириш, хато қилган чоғинг бадалини ортиғи билан тўлаш... Биринчиларнинг қисматга битилгани шу. Уларга осон. Уларга қийин! MMA жангчиси Мурод Хонтўраев ҳам биринчи эди. У Ўзбекистонда биринчи бўлиб аралаш жанг санъати спортида юқори натижага эришган, дунё давлатлари раҳбарлари назарига тушган, “Осиё айиғи” номини олган спортчи эди.
Мурод Хонтўраев 1987 йил 4 июлда Тошкент шаҳрида, оддий оилада туғилди. Отаси ошпаз ва новвой эди. Онаси эса уй бекаси. Хонтўраев болагини кўп эслар, ўшанда мактабдан қайтгач? отасига нон сотишда ёрдам берганини айтарди. Оилада икки ўғилнинг тўнғичи бўлган Мурод камтаргина ўтган болалигини бахтга тўла хотиралар билан ёдга оларди. Хонтўраевнинг спортга кириб келишига отаси сабабчи бўлган
Мурод кикбоксинг бўйича Тошкент шаҳар чемпионатидаги иштироки билан спортчилик фаолияти бошланган. Кикбоксинг ва қўл жанги бўйича 15 карра Ўзбекистон, 5 карра Осиё, икки карра Жаҳон чемпиони, универсал жанглар бўйича эса, 4 карра Осиё ва бир бор Европа чемпиони бўлган, Муай-тай бўйича бир марта Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.
Хонтўраевни машҳурликка олиб чиққан ғалабалардан бири бу Сочида бўлиб ўтган “League S-70” турнирида россиялик Евгений Ерохинга қарши жанг эди. У рақибини атиги 25 сонияда мағлуб қилган. Ушбу ғалаба барча ММА мухлисларини, шу қаторда Россия Президенти Владимир Путин ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевни ҳам ҳайратда қолдирган.
2018 йил 26 ноябрь. Мурод Хонтўраев Тошкентнинг қоқ марказида пичоқланди. Бу унга нисбатан қилинган биринчи йирик суиқасд эди. Судда Хонтўраев ҳеч кимдан даъвоси йўқлигини айтиб, айбланувчиларнинг жазосини енгиллатишни сўраб, яна бир бор мардлигини намоён этди.
19 июль. Қурбон ҳайитидан бир кун аввал. Тушга яқин ижтимоий тармоқларда Мурод Хонтўраев йўл-транспорт ҳодисасига учраб, вафот этибди, деган хабарлар тарқалди. Кўпчилик бунга ишонмади. Хонтўраевга аввал ҳам суиқасд қилингани, у жуда кўп фалокатлардан омон чиқиб келгани учун бу сафар ҳам омон қайтади, деган ишонч бор эди.
Бугун бирор кишига мусибат келса, ёрдам ўрнига, мазах қилгувчилар, бўҳтон тарқатадиганлар кўп топилади. Хонтўраевнинг вафоти ҳам улар учун айни муддао бўлди. Ким спиртли ичимлик истеъмол қилган экан деса, яна кимдир машинани катта тезликда бошқарганини тўқиб чиқарди. Ҳақиқат эса бирин-кетин юзага чиқаверди.
Мурод Хонтўраев нафақат кучли спортчи, намунали шогирд, балки меҳрибон фарзанд, яккаю ягона аммо дунёларга татийдиган ака, уч ўғилнинг отаси, суюкли ёр, адолатли раҳбар, ҳалол шерик, садоқатли дўст ҳам эди. Айниқса, қўли очиқ, сахийлиги тилларда достон...
Дунёдан ўтган яхши инсонлар хотирасига ҳайкал ўрнатилади. Ушбу ҳайкални кўрганда унинг эзгу амаллари ёдга олинади. Бироқ, орамизда шундай инсонлар борки, улар тириклик чоғидаёқ одамларнинг қалбига ўз ҳайкалини, сиймосини ўрнатиб кетади. Бу ҳайкални ўчириб ҳам, синдириб ҳам бўлмайди. Хонтўраев одамлар қалбида ана шундай сиймоси билан қолди.
Мурод Хонтўраев ҳақида тайёрланган Ғанимат фильмини юқоридаги видеоплеерда ва QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Унда “Осиё айиғи”ни оила аъзолари, устозлари, дўстлари ва шогирдлари даврасида хотирлаймиз. Хонтўраевни орамиздан олиб кетган ЙТҲнинг яна бир иштирокчиси сўзларига қулоқ тутамиз.
LiveБарчаси