“Ғалаба хабари”. Эрон АҚШнинг Қатар ва Ироқдаги ҳарбий базаларига ҳужум қилди (видео)
Олам
−
23 Июнь
47424Эрон АҚШнинг Қатар ва Ироқдаги ҳарбий базаларига қарши ҳарбий амалиёт бошлади. Бу ҳақда IRNA хабар берди.
Нашрга кўра, АҚШ базаларига қарши амалиётга “Ғалаба хабари” номи берилган.
Қатар Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Эрон зарбалари оқибатида инсоний талофатлар қайд этилмаган.
“Ynet” нашрининг ёзишича, Эрон Қатардаги АҚШ базаларига 10 та ракета, Ироқдаги АҚШ базасига эса 1 та ракета йўллаган.
Эрон Қуролли кучлари Қатарда жойлашган АҚШнинг Аль-Удейд ҳарбий базасига зарба берганини ҳам тасдиқлаган.
ОАВга кўра, Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Қатардаги АҚШ базасига ракетали ҳужумдан сўнг баёнот чиқарган.
“Қуролли кучларимиздаги миллатнинг фидойи ўғлонларининг қатъий ҳаракати ҳақида Оқ уй ва унинг иттифоқчиларига аниқ ва тушунарли хабар бор – Исломий Эрон қодир тангрига суяниб, имонли ва улуғ Эрон халқига таяниб, ҳар қандай шароитда ҳам ўз ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва миллий хавфсизлигига қилинган тажовузни жавобсиз қолдирмайди”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, нашр Қатар Ташқи ишлар вазирлигининг бу воқеаларга берган реакциясини ҳам эълон қилган.
Мазкур вазирлик баёнотида айтилишича, Эроннинг бу зарбалари Қатар суверенитети ва ҳаво ҳудуди дахлсизлигини очиқ-ойдин бузган, бу эса халқаро ҳуқуқ ва БМТ низомига зид саналади.
Маълумот учун, Яқин Шарқда жойлашган АҚШ ҳарбий контингентининг умумий сони турли маълумотларга кўра 40–50 минг кишини ташкил этади. АҚШ ҳарбий объектлари Баҳрайн, Миср, Исроил, Иордания, Ироқ, Қатар, Қувайт, БАА, Саудия Арабистони ва Сурия каби камида 19 та ҳудудда жойлашган. Минтақадаги ҳарбий операцияларга Жибути ва Туркиядаги ҳарбий базаларда жойлашган қисмлар ҳам тез-тез жалб қилинади.
Қатардаги Аль-Удейд авиабазаси – АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг йирик ҳарбий объектидир. Бу ерда АҚШ Қуролли Кучларининг Марказий қўмондонлиги штаби жойлашган бўлиб, CBS News ва “Reuters” маълумотларига кўра, у ерда 8–10 минг атрофида АҚШ ҳарбий хизматчилари жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ҳарбийлари Суриянинг ҳудудида жойлашган АҚШ ҳарбий базасига зарба бергани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси