Эрон АҚШнинг Суриядаги ҳарбий базасига зарба берди – ОАВ
Олам
−
23 Июнь
28886Эрон ҳарбийлари Суриянинг ҳудудида жойлашган АҚШ ҳарбий базасига зарба берди. Бу ҳақда Эрон оммавий ахборот воситаларига таяниб, CGTN хабар берди.
Ҳозирча бу маълумот расман АҚШ томонидан тасдиқланмаган.
Дастлабки тахминларга кўра, бу зарба Эронга қарши АҚШ томонидан 22 июнь куни уюштирилган ҳужумларга жавобан амалга оширилган. АҚШ томони бу ҳужумларни “Эроннинг ядровий дастурини жиловлаш” зарурати билан асослаган.
Ҳозирча ҳолат юзасидан расмий Теҳрон томонидан ҳам, Пентагон томонидан ҳам расмий тасдиқ ёки инкор берилмаган.
Қолаверса, воқеа тафсилотлари ҳам ҳали тўла аниқлаштирилмаган.
Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги ҳам Суриянинг шимоли-шарқидаги Хасака шаҳридаги база ҳужумга учраганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 июнь куни Трамп АҚШ халқига мурожаат қилиб, мамлакат Эроннинг учта ядровий объектига – Фордо, Натанз ва Исфаҳонга зарба берганини эълон қилган эди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса халққа қилган мурожаатида Трампга бу ҳужумлар учун миннатдорлик билдирган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг зарбалари узоқ муддатли оқибатларга олиб келишини айтди. Шунингдек, Эрон ҳукумати зарбаларга қарамай, ядровий энергияни ривожлантиришдан воз кечмаслигини маълум қилди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса АҚШ томонидан Эроннинг ядровий объектларига уюштирилган ҳужумни “халқаро тинчлик ва хавфсизликка бевосита таҳдид” деб атади.
LiveБарчаси