G7 саммити: коронавирусни муҳокама қилган раҳбарлар қоидаларга риоя қилдими? (фоторепортаж) 

Олам

image

Аввал хабар берганимиздек, кеча, 11 июнь куни Англиянинг Корнуолл яриморолининг Атлантика соҳилидаги Карбис-Бэй шаҳрида “Катта еттилик” (G7) давлатлари раҳбарларининг саммити бошланди. Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония ҳамда Европа Иттифоқи раҳбарлари иштирокидаги биринчи сессия коронавирус пандемиясидан кейин дунёни тиклашга бағишланган.  

Учрашув икки йил ичида илк бор юзма-юз форматда ёпиқ эшиклар ортида ўтказилмоқда. Саммитда дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларида яшовчи қизларнинг таълим олиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинади. Саммит очилишидан бироз аввал шаҳзода Уильямнинг рафиқаси, Кембриж герцогиняси Кейт Миддлтон ва АҚШнинг биринчи хоними Жилл Байден мактабгача таълимга бағишланган давра суҳбатида қатнашган. 

Саммит бошланишидан аввал раҳбарлар анъанавий расмий суратга тушишган. Суратга тушиш жойи сифатида қумли пляж танланган бўлиб, унинг устига ёғоч платформа ўрнатилган. Суратга тушишда ҳам коронавирус пандемияси ўз таъсирини кўрсатган. Дастлаб, сиёсатчилар тирсаклари билан саломлашишган ва суратга олиш пайтида улар одатдагидек бир қаторда эмас, балки икки қатордан туриб, ижтимоий масофага қатъий риоя қилган. 

Марказда, биринчи қаторда учрашув мезбони сифатида Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон бўлган. Унинг ўнг томонидан АҚШ Президенти Жо Байден ва Канада Бош вазири Жастин Трюдо, чап томонидан эса Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Германия канцлери Ангела Меркель жой олган. Иккинчи қатордан Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель, Япония Бош вазири Йошиҳидэ Суга ва Италия Бош вазири Марио Драги ҳамда Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ўрин олган. 

Суратга тушгандан сўнг, раҳбарлар ижтимоий масофани унутиб қўйган. Байден ва Макрон конференция хонасига бир-бирини қучоқлаб кириб борган. Америка Президенти Макронга нимадир айтаётганда, фон дер Ляйен, Мишель, Суга, Драги ва Трюдо уларга жуда яқин юрган. 

Биринчи ишчи сессия якунлангач, G7 раҳбарлари саммит ўтказилган жойдан 70 км узоқликдаги Корнуоллнинг “Эден” ботаника боғига кўчиб ўтган. Улар Буюк Британия қироличаси Елизавета II томонидан меҳмон қилинган. Расмий кечки овқатда 95 ёшли монархдан ташқари унинг ўғли, Уэльс шаҳзодаси Чарльз рафиқаси Камилла билан, шунингдек, Кембриж герцоги ва герцогиняси Уильям ва Кейт ҳам қатнашган. 

Маълумот ўрнида, саммит 13 июнга қадар давом этади.


Мақола муаллифи

Теглар

саммит Катта еттилик

Баҳолаганлар

168

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made