ФВВ фуқароларга огоҳлантириш билан чиқди
Фойдали
−
14 Октябрь
15266Кунлар совиши муносабати билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги иситиш печларидан фойдаланишда техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга чақириб, бир қатор тавсиялар берди.
ФВВ қуйидаги тавсияларга амал қилишга чақирмоқда:
-
иситиш печлари ва уларнинг дудбуронлари созлигига, турли буюм ва тўсиқлар билан беркитилмаслиги ҳамда ёриқлар бўлмаслигига алоҳида эътибор бериш;
-
газ ускуналарини улаш тартиб-қоидаларига риоя қилиш ва уларга резина шланглар орқали уланишга йўл қўймаслик;
-
махсус ташкилотлар томонидан дудбуронларнинг ўз вақтида тозаланишига эътибор қаратиш.
“Ҳурматли фуқаролар ис газидан огоҳ бўлинг!”, дейилади вазирлик хабарида.
Маълумот ўрнида, турмушда фойдаланиб келинаётган ёқилғи маҳсулотлари ичида табиий газ (метан, пропан) сизиб чиқиши ва ҳаво билан аралашма ҳосил қилиб, портлашга хавфлилиги билан ажралиб туради.
Газ оқимининг тўсатдан (авариявий) узилиши ва қайта уланиши натижасида хона ичида газ тўпланиши, ёниб турган газ анжомларини қаровсиз қолдириш, иситиш асбоб-анжомларига газни улашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик, газ қувурларига ўзбошимчалик билан уланиш оқибатида ҳаво-газ аралашмасини портлаши ҳамда ёнғин содир бўлиши мумкин.
Шунингдек, аҳоли томонидан хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган қўлбола, ностандарт газ жиҳозларидан фойдаланиш, газ тармоқларига резина шланг орқали уланиш, носоз ҳолатдаги дудбуронлардан фойдаланиш ҳамда хонадон ичида очиқ оловдан иситиш мақсадида фойдаланиш ҳолатларининг учраб туриши фуқароларнинг ис газидан заҳарланишига ҳамда ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши натижасида жабрланишига, ҳаттоки ҳалок бўлишига олиб келмоқда.
Газ ҳидини сезганда зудлик билан қуйидагиларни амалга ошириш зарур:
-
газ плиталари ва иситиш печларини газ тармоғидан ўчиринг;
-
дарров эшик ва деразаларни очиб, хонани шамоллатинг;
-
хонада электр жиҳозларини ёқманг, ёниқ бўлса ўчирманг, чунки бу ёнғин ёки газ - ҳаво аралашмасининг чақнашига сабаб бўлиши мумкин;
-
газ чиқаётган жойни аниқлаш учун очиқ оловдан эмас, совун кўпигидан фойдаланинг.