ФВБ бошлиғи, МИБ мансабдори ва адвокатлар қўлга олинди (видео)
3-саҳифа
−
19 Октябрь 12333 2 дақиқа
Навоий, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида пора сўраган мансабдорлар ҳамда адвокатлар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Жумладан, Навоий вилоятининг Қизилтепа тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, my.gov.uz ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали келиб тушган мурожаатга асосан, тумандаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш комплексининг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги ҳақида ижобий хулоса бериш эвазига 3000 доллар талаб қилган. Ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахс ушбу пул маблағини ўзининг хизмат хонасида олган вақтида ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.
Сурхондарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Жарқўрғон туман Мажбурий ижро бўлими бошлиғининг ўринбосари ва давлат ижрочиси ўз хизмат мавқеиларидан фойдаланган ҳолда бўлим иш юритувида бўлган ижро иши доирасида 1993 йилда туғилган фуқарога нисбатан хорижга чиқишга қўйилган тақиқни бекор қилиб бериш учун 600 доллар ҳамда пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалигига нисбатан юритилган ижро иши доирасида хўжаликнинг ер майдонларини аукцион савдоларга чиқармаслик эвазига 10 млн сўм олган вақтларида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида хизмат мавқеиларидан фойдаланган ҳолда, мўмайгина даромад топишни режа қилган адвокатлик бюроси адвокати ҳамда адвокатлик ҳайъати адвокатининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди. Хусусан, улар Учтепа туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг Тергов бўлими томонидан Олмазор туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши доирасида унга қўлланган қамоқ эҳтиёт чорасини танишлари орқали уй қамоғи эҳтиёт чорасига ўзгартириб бериш эвазига 14 минг доллар талаб қилган. Олмазор туманида ўтказилган тезкор тадбирда улар сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда ушбу икки адвокатга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а”,“в” бандлари ва 28 орқали 211-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида 15 минг доллар олган ҳокими ўринбосари ушланганди.