Фуқаролар ва давлатни ўмариш: “Агробанк” бошқарувчиси, 2 ходими ва 6 ҳоким ёрдамчиси қамалди
3-саҳифа
−
07 Июль 9896 3 дақиқа
“Агробанк” акциядорлик тижорат банкининг Андижон вилояти филиали собиқ бошқарувчиси, банкнинг яна 2 мансабдори ва жиноий тил бириктирган 6 нафар ҳоким ёрдамчиси озодликдан маҳрум қилинди. QALAMPIR.UZ суд ҳукми билан танишди.
Суд материалларида ёзилишича, судланувчи O.A. “Агробанк” АТБ Андижон филиали бошқарувчиси лавозимида 2021 йил 18 августдан 2023 йил 28 сентябрга қадар ишлаб келиб, эгаллаб турган лавозимига кўра давлат ташкилотида мансабдор шахс бўла туриб, мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, бир қатор МЧЖ раҳбарлари ва ҳоким ёрдамчилари билан тил бириктирган. Улар ўзларига бириктирилган маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилмайдиган ҳамда оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бўлмаган фуқаролар номига турли йўналишларда имтиёзли шартлар асосида кредит маблағлари ажратиш юзасидан дастлабки мониторинг ўтказилгани ва кредит маблағларининг қайтарилиши юзасидан тавсияномалар бериш, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан махсулот (ҳизмат) етказиб берилгани, маҳсулотлар (хизматлар) пулини кредит ҳисобидан тўлаб бериш мақсадга мувофиқлиги ҳақида далолатнома бериш орқали кредит маблағларини МЧЖларнинг ҳисоб рақамларига ўтказилишига кўмаклашиб, жами 156 фуқарога имтиёзли кредит маблағлари банк томонидан ажратилиши учун тавсияномалар бериб, жами 5 миллиард 62 миллион 40 минг сўмлик давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказишда айбли деб топилган. Улар кредит пул маблағларини талон-торож қилиш жиноий режасини тузган ва жиноий режага кўра 61 фуқаронинг номига жами 2 миллиард 13 миллион сўм ажратилган кредит пул маблағларини талон-торож қилган.
Жорий йилнинг 6 март куни чиқарилган суд ҳукми устидан берилган аппеляция шикояти 30 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судида кўриб чиқилди. Унга кўра, банкнинг собиқ бошқарувчиси O.A. Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан айбли деб топилди ва узил кесил ўташ учун 2 йил 2 ойга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 8 йил 5 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳужжатда қайд этилишича, у 2024 йилнинг ўзида 3 марта, 2025 йилда эса 1 марта судланган.
Шунингдек, ишга алоқадор бўлган банк филиалининг муаммоли кредитлар билан ишлаш бўлими менежери М.Қ. ва оилавий тадбиркорликни кредитлаш бўлими менежери вазифасида ишлаган Д.З. Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 28, 205-моддаси 2-қисми “а” банди, 28, 209-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилди. Улар 2 йил 1 ой давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, М.Қ. 6 йил 1 ойга, Д.З. эса 8 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилинди.
Бундан ташқари, Андижон туманидаги “Янги йўл” МФЙда ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган А.Ж., “Жаннатмакон” МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси И.Ў., “Исломобод” МФЙда ҳоким ёрдамчиси Р.У. 2 йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 5 йил 6 ойга қамалди. Туманнинг “Дўнг қишлоқ” МФЙда ҳоким ёрдамчиси бўлган К.Й., “Оғуллик” МФЙда ҳоким ёрдамчиси Й.Ў. 4 йилга, “Кенгаш” МФЙда ҳоким ёрдамчиси Ш.Э. 2 йил 1 ойга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 5 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилинди. Яна 10 дан ортиқ ҳоким ёрдамчиси озодликдан маҳрум қилиш бўлмаган турли хил жавобгарликка тортилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида 19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилганди.