Франциянинг ягона авиаташувчиси Ўрта ер денгизига юборилди
Олам
−
19:57 1593 2 дақиқа
Франция Президенти Эммануэль Макрон Эрон атрофидаги вазият кескинлашгани ортидан мамлакатнинг ягона авиаташувчиси — “Шарль де Голль” кемаси Ўрта ер денгизининг шарқий қисмига йўл олганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳамроҳ сифатида фрегатлар ва ҳаво кучлари ҳам минтақада хавфсизликни таъминлаш мақсадида жўнатилган. Кема аввал Шимолий Атлантика ва Болтиқ денгизи ҳудудида НАТО машқларида иштирок этаётган эди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
2001 йилдан бери хизмат қилаётган “Шарль де Голль” Франция ҳарбий-денгиз кучларининг энг қудратли кемаси ҳисобланади. У АҚШ флотидан ташқари дунёдаги ягона атом реактори билан ҳаракатланувчи авиаташувчидир. Узунлиги 261 метр, оғирлиги 42,5 минг тонна бўлган кема иккита К15 ядровий реактори билан ишлайди ва узоқ муддат ёқилғи қуймасдан ҳаракатланиш имконига эга.
Авиаташувчи одатда 20-30 та самолётни қабул қилади. Ҳозирги миссия доирасида унда 20 та “Рафаль М” қирувчи самолёти ва иккита “E-2C Hawkeye” эрта огоҳлантирув самолёти жойлаштирилган. “Рафаль” самолётлари 500 километрдан ортиқ масофага зарба берувчи “SCALP” ракеталари, кемаларга қарши “Exocet” ракеталари ва ҳаво жанги учун Метеор ракеталари билан жиҳозланган.
Кеманинг ўзи эса ҳаво мудофааси учун “Астер-15” ракеталари, автоматик тўплар ва электрон кураш тизимлари билан таъминланган. Авиаташувчининг асосий вазифаси тўғридан-тўғри денгиз жанги эмас, балки ҳаво ҳужум имкониятларини таъминлашдир.
“Шарль де Голль” илгари ҳам бир қатор ҳарбий операцияларда иштирок этган. Улар орасида Афғонистондаги операциялар, 2011 йил Ливия амалиёти, 2015-2019 йилларда Сурия ва Ироқда “Исломий давлат”га қарши кампания ҳамда Ҳинд океанидаги миссиялар бор.
Франция флотида ягона авиаташувчи мавжуд бўлиб, у таъмирланиш учун устахонага киритилганда мамлакат вақтинча бу стратегик имкониятдан маҳрум бўлади. Ҳозирги жойлаштириш Эрон томони Ҳормуз бўғозини амалда ёпгани ҳақида баёнот бергани ортидан амалга оширилган. Бу йўлак орқали жаҳон нефть ва суюлтирилган газ савдосининг қарийб 20 фоизи ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Макрон ядровий жанговар каллаклар сонини оширишни буюрган эди.
Live
Барчаси