Францияда шу йил ҳисобида 3-марта Бош вазир тайинланди
Олам
−
17:41
804Франция Президенти Эммануэль Макрон марказчи “Демократик ҳаракат” (MoDem) партияси етакчиси Франсуа Байруни мамлакат Бош вазири лавозимига тайинлади. Бу ҳақда Елисей саройи баёнот берди.
“Республика Президенти Франсуа Байруни Бош вазир этиб тайинлади ва унга ҳукумат тузишни топширди”, дейилади баёнотда.
Шундай қилиб, 73 ёшли Байру Франция Миллий Ассамблеяси (парламент қуйи палатаси) 4 декабрь куни унинг ҳукуматига ишончсизлик тўғрисидаги резолюцияни қабул қилганидан кейин истеъфога чиққан тенгдоши 73 ёшли Мишель Барньенинг ўрнини эгаллади.
MoDem раҳбари 2024 йилда Франциянинг тўртинчи Бош вазири бўлади. Ундан олдин бу лавозимни, Барньедан ташқари, Габриэль Атталь ва Элизабет Борн эгаллаган.
Байру Демократик ҳаракатни 2007 йилдан бери бошқариб келади. 2014 йилда у Франция жануби-ғарбидаги По шаҳри мэри этиб сайланган. Франсуа Байру 2020 йилдан буён Миллий қайта қуриш кенгашини бошқариб келмоқда. У 2002, 2007 ва 2012 йиллардаги президентлик сайловларида қатнашган. 2017 йилда у Макрон номзодини қўллаб, сайловларда қатнашишдан бош тортган.