Францияда Марин Ле Пен устидан суд бошланди

Олам

image

Бугун, 30 сентябрь куни Париж жиноий суди Марин Ле Пен бошчилигидаги Франциянинг ўта ўнгчи Миллий бирлик партияси раҳбарияти устидан суд жараёнини бошлади. Сиёсатчилар Европа Иттифоқи маблағларини ўзлаштирганликда ва Европарламент депутатларининг ёрдамчиларини сохта ёллаш йўли билан партияни яширинча молиялаштирганликда айбланмоқда. Бу ҳақда “Le Monde” хабар берди.

Ушбу айблов учун энг кўп жазо ўн йилгача озодликдан маҳрум қилишдир. Умумий зарар қарийб 7 миллион еврога баҳоланмоқда. Маълум қилинишича, Марин Ле Пен бу сумманинг 330 минг евросини Европарламентга қайтариб берган.

Марин Ле Пен айбдор деб топилса, у 2027 йилги президентлик сайловларида қатнаша олмайди.

Айблов хулосасига кўра, Миллий бирликдан Европарламент депутатларига ёрдамчи сифатида ёлланган одамлар аслида Европа Иттифоқидаги вакиллари учун эмас, балки шахсан Ле Пен ёки унинг партияси учун ишлаган.

Шундай қилиб, Терри Лежернинг “ёрдамчилари”дан бири партия асосчиси Жан-Мари Ле Пеннинг қарийб йигирма йил давомида қўриқчиси бўлган, кейинроқ у Марин Ле Пеннинг қўриқчисига айланган.

Ле Пеннинг котиби, бир муддат унинг келини бўлган Кетрин Грисет ҳам Европарламент депутатининг ёрдамчиси сифатида қайд этилган. Бироқ Грисенинг кириш картаси маълумотларига кўра, у йил давомида Европа Парламентида атиги бир ярим иш кунини ўтказди. Кетрин Грисетнинг таъкидлашича, у ҳар доим Ле Пендан кейин бинога кирган ва кириш картасидан фойдаланмаган.

Марин Ле Пен билан бирга унинг синглиси Жан ва собиқ шериги Луи Алио ҳам судлов маҳкамасида эди. Марин Ле Пеннинг отаси, 96 ёшли Жан-Мари Ле Пен ҳам айбланувчилар рўйхатида, бироқ унга соғлиғи сабабли суд мажлисларида қатнашмасликка рухсат берилган. Ишда жами 27 киши иштирок этмоқда, суд мажлислари ноябрь ойининг ўрталарига қадар давом этади.

2015 йилда Париж прокуратураси Европарламентдаги Миллий фронт вакиллари 20 га яқин ходимни нотўғри ёллагани ҳақидаги шубҳалар юзасидан тергов бошлаган эди. Прокуратура бу одамлар Европарламентдан маош олгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади, гарчи аслида улар Миллий фронтда ишлашда давом этган.

2018 йилда Европа Иттифоқи Адлия суди Жан-Мари Ле Пен ва унинг ҳамкасби Бруно Голлниш билан боғлиқ худди шундай иш бўйича қарор чиқарган эди. Кейин суд сиёсатчилар Европарламентга юз минглаб евроларни қайтариши керак деган қарорга келди.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Франция Марин Ле Пен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг