Францияда 16 ёшли чечен калтакланди. Воқеа йирик тўқнашувларга сабаб бўлмоқда
Олам
−
23 Июнь 2020
18067Ўтган жума куни Франциянинг Дижон туманидаги Гресиль ва Шенов кварталларида қурол-яроғ ва гиёҳванд моддаларни қидириш бўйича навбатдаги махсус операция ўтказилди. Унда 140 га яқин полиция ходими иштирок этди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан нафақат хонадонлар, балки томлар, вино ертўлалари, почта қутилари ва кондиционерлар ҳам тинтув қилинди. Хўш, нега бундай бўлди?
Келиб чиқиши шимолий африкаликларга бориб тақалувчи маҳаллий аҳоли ва чечен миллатига мансуб аҳолиси ўртасидаги тўқнашувлар, Гресиль кварталида 16 ёшли чеченнинг калтакланишидан сўнг бошланди. 13 июнга ўтар кечаси пичоқлар билан қуролланган 100 га яқин киши маҳаллий чилимхонани вайрон қилди. Бунга жавобан туманнинг баъзи аҳолиси кўчаларда қўриқчилик қилишни ташкиллаштирди, чеченларга нисбатан таҳдидлар ижтимоий тармоқларда пайдо бўла бошлади. Кейинги уч кун ичида гуруҳлар очиқ тўқнашувларга киришди. Видео-кузатув камералари йўқ қилинди, автомобиллар ва ахлат қутилари ёқилди.
Тартибсизликлардан сўнг Чеченистондан келган олти нафар муҳожир ушланди ва зўравонлик, зарар етказиш ҳамда уюшган гуруҳ таркибида одам олиб ўлдириш айбловлари бўйича тергов бошланди. Кеча, 22 июнь куни куни яна тўққиз киши ҳибсга олинди. Уларга қурол ва гиёҳванд моддалар сақлаганлик айби қўйилди.
Бугун, 22 июнь куни Франциядаги “Чечен ассоциацияси” ушбу воқеалар муносабати билан Страсбургда умумий йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда “Agence France-Presse” хабар бермоқда.
Агентликнинг маълумотларига кўра, йиғилишда уюшмалар Шимолий Африка ва Чеченистондан келган муҳожирлар ўртасидаги тўқнашувларни "қаттиқ қоралаганларини" эълон қилишган. Дижон тумани прокуратурасининг маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувлар пайтида йигирма нафардан кўпроқ одам жароҳат олган. Бу тўқнашувларда ўқ отиш қуроллари ва пичоқлар ишлатилган.
"Биз Франциядамиз ва Франция қонунларига бўйсунишимиз шарт", дея эслади Чечен интеграцияси ассоциациясининг вакили Зелимхон Шавхалов.
Шавхалов Дижондаги можаро ёш чеченга қарши ҳужум уюштирилганидан кейин пайдо бўлганини таъкидлади. Аввалроқ, чечен йигитга ҳужум қилганлар гиёҳванд моддалар воситачилари эканини даъво қилишган эди.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг фикрига кўра, Франциянинг Дижон шаҳрида маҳаллий аҳоли вакиллари иштирокидаги можаро маҳаллий ҳокимият идораларининг наркотикларни ноқонуний айланишига қарши курашда тартибни тиклай олмаганлиги билан боғлиқ. Чеченистонда туғилганлар можарода ватандошларини ҳимоя қилишди, деди Қодиров.
"Маҳаллий ҳокимият гиёҳванд моддаларни ноқонуний сотувчиларни тартибга сола олмади, шундан кейин ёш авлод вазиятни ўз назоратига олди. Шахсан менинг фикримча, мен чеченларнинг хатти-ҳаракатларини тўғри деб биламан ", деб ёзади у Telegram’даги саҳифасида.
Сўнгги маълумотларга кўра, Дижон воқеаларида иштирок этганлар 10 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.
LiveБарчаси