Франция суди Башар Асадни ҳибсга олишга ордер берди 

Олам

image

Франция суди Сурия Президенти Башар Асадни 2013 йилда кимёвий қурол қўллаганликда айблаб, ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақда манбаларга таяниб, AFP хабар берди.

Хабарга кўра, кимёвий қурол қўлланганлик бўйича жами тўрт кишини ҳибсга олиш учун ордер берилган. Сурия етакчисидан ташқари, унинг укаси – Сурия Республика гвардияси (Сурия ҳукуматини ҳимоя қилиш учун мўлжалланган элита ҳарбий тузилмаси) қўмондони Маҳер Асад, шунингдек, исми ошкор қилинмаган яна икки генералга ҳам айблов қўйилган. 

Тўрт киши ҳам инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятларига шерикликда айбланган. Дамашқ ҳозирча Асадни ҳибсга олиш ордерига изоҳ бермаган.

Кимёвий қурол захираларини йўқ қилиш

Сурияда кимёвий моддалар қўллангани ҳақидаги илк хабарлар 2012 йилнинг 23 декабрида пайдо бўлган. Ўшанда Сурия мухолифати Ҳомс шаҳри чеккасида ҳукумат кучларининг кимёвий ҳужуми оқибатида олти киши ҳалок бўлганини даъво қилган. 2013 йил июль ойида БМТнинг Яқин Шарқ бўйича махсус координатори Роберт Серри БМТ котибиятига Сурияда кимёвий қурол қўллангани ҳақида 13 та хабар келиб тушганини айтган. Бир ой ўтгач, Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти экспертлари яна бешта шундай ҳолатни тасдиқлаган, уларнинг энг фожиалиси Дамашқ чеккасидаги аҳоли зич жойлашган Шарқий Ғутада, 2013 йил 21 август куни содир бўлган. Таркибида асабга таъсир қилувчи зарин гази билан ҳужум қилиниши оқибатида 300 дан 1700 гача одам, жумладан, юзлаб болалар ҳалок бўлган. “Чегара билмас шифокорлар” ташкилоти қурбонларнинг умумий сонини 3,5 минг киши деб ҳисоблаган. Бироқ Сурия расмийлари ҳам, мухолифат ҳам кимёвий қурол қўллаганлик айбловларини рад этган.

Шарқий Ғутадаги кимёвий ҳужумлар бўйича Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти ҳисоботида, уларни амалга оширишда томонлардан бирортасининг иштироки аниқланмаганига қарамай, Ғарб давлатлари Асад ҳукуматини кимёвий қурол қўлланганликда айблаган. Ўша пайтда АҚШ Президенти лавозимини эгаллаб турган Барак Обама Суриянинг кимёвий қурол қўллаши Вашингтон томонидан қизил чизиқни кесиб ўтиш сифатида баҳоланишини, шундан сўнг халқаро ҳамжамият бу давлатга қарши чора кўришга мажбур бўлишини айтган.

2013 йил 27 сентябрда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг томонидан тегишли резолюцияси тасдиқланган ва 2013 йилнинг сентябрида Сурия Кимёвий қуроллар бўйича конвенцияга қўшилган. Мамлакат Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотига ҳам аъзо бўлган. Сурия кимёвий арсеналининг олиб ташланиши ва йўқ қилиниши 2013 йилда яратилган БМТ ва Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти қўшма миссияси томонидан кузатилган. 2014 йил июнь ойида Суриядан кимёвий қурол захиралари олиб ташланганидан сўнг, у ўз фаолиятини тўхтатган.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Сурия Башар Асад

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг