Сурия хушламаган президент Башар Асад ким?
Таҳлил
−
12 Декабрь
2028Сурияни “темир мушт” билан бошқарган собиқ етакчи Башар Асад “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳининг юришларидан кейин мамлакатдан чиқиб кетди. Унинг кетиши ва Асад режимининг қулаши минтақада, шу билан бирга, халқаро миқёсда ҳам “байрам” сифатида кутиб олинди. Мамлакатда ёппасига инсон ҳуқуқлари ва демократия қайта тикланаётгандек кўрсатилмоқда. Бироқ нега Асад режими шу қадар чигал ва сурияликлар нега ундан бунчалик ғазаб отига минган? Бу режимнинг илдизи қандай куртак очган ва якуни нима билан барҳам топди? Биз бугун шу ҳақда, Асад ва унинг оиласи, режими ҳақида гапирамиз.
Башар Асад ким?
Аслида 50 йилдан ортиқ давом этган автократик оила сулоласининг иккинчи авлоди саналган Башар Асадга ҳокимият отаси Ҳофиз Асаддан мерос қолган.
Башар Асад Сурияда 2011 йилдан буён давом этаётган фуқаролар уруши даврида ўз мамлакатини шафқатсиз бошқариши билан танилган. Бу уруш мамлакатни вайронага айлантирган, экстремистик гуруҳлар, хусусан, ИШИД учун замин яратган ва миллионлаб одамларнинг уй-жойидан маҳрум бўлишига олиб келган.
Уруш Асад режими “Араб баҳори” даврида оммавий демократия талабларига қаратилган намойишларни бостиришдан бош тортганидан сўнг бошланган. Ўша даврда тинч намойишларга қарши қатағонлар ўтказилиб, минглаб одамлар қатл этилган ва қамоққа ташланган. Башар Асаднинг кучлари 13 йиллик уруш давомида фуқароларга қарши кимёвий қуроллар қўллаш каби кўплаб инсон ҳуқуқлари бузилишларида айбланган. АҚШ, Иордания, Туркия ва Европа Иттифоқи уруш бошида Асаднинг истеъфосини талаб қилган.
Бироқ, Ғарб санкцияларига қарамай, Россия ва Эрон каби кучли иттифоқчиларининг ёрдами билан халқаро изоляциядаги режим ҳокимиятни сақлаб қолган. Асад раҳбарлигидаги қўрқинчли режимнинг далили сифатида у ағдарилганидан кейин Сурия шаҳарларида қувончли байрамлар ташкил этилганини қайд этиш мумкин. Хусусан, интернетда Ҳомс шаҳрида одамлар Асад ва унинг отасининг суратларини йиртиб ташлагани тасвирланган видеолар эълон қилинмоқда.
Асадлар “ҳикояси” қачон бошланди?
Башар Асад 2000 йилда яъни, отаси Ҳофиз Асад вафотидан сўнг ҳеч қандай сайловларсиз, меросхўр сифатида ҳокимиятга келиб қолган. Ҳофиз 1971 йилда ҳокимиятни қўлга киритган ва ўша даврда Совет Иттифоқи билан яқин бўлиб, Сурияни салкам ўттиз йил давомида назорат қилган эди. Ҳофиз ўзининг қўл остидаги кучларни сиёсий ва ҳарбий лавозимларга кўтариб, қаршиликни қаттиқ бостирган. 1982 йилда Ҳама шаҳрида Ҳофиз армияси мусулмонлар бошчилигидаги исённи бостириш учун минглаб одамларни қирғин қилган.
Мамлакатни ёлғиз бошқарган Ҳофиз дастлаб ўзининг вориси сифатида коррупция билан машҳур бўлган укаси Рифатни танлади. 1983-1984 йилларда Ҳофизнинг соғлиғи ёмонлашгани сабаб бўлган ворислик инқирозида Рифат ҳокимиятни ўз қўлига олишга уриниб кўрди. Бироқ ўшанда у Суриядан чиқариб юборилган. Кейинги вориси, Ҳофизнинг тўнғич ўғли Басил 1994 йилда автоҳалокатда вафот этди. Кейинги меросхўр унинг кенжа ўғли Башар бўлди, у Басил вафот этган пайтда ҳеч қандай сиёсий тажрибага эга эмас эди, бу ҳукмрон доираларда норозиликни келтириб чиқарди. Норозилик президент қарорини танқид қилган баъзи амалдорлар лавозимидан туширилгандан кейин пасайди. 2000 йилда Ҳофиз Асад юрак хуружи туфайли вафот этди. У деярли 30 йил Сурия президенти лавозимида ишлаганди.
Башар Асад отасининг иккинчи ўғли сифатида ҳокимиятга тайёрланмаган бўлиб, Лондонда кўз шифокорлиги соҳасида таҳсил олган. Басил ўлимидан сўнг, Башар эътиборга тушган ва ҳарбий фанларни ўргана бошлаган ҳамда Сурия армиясида полковник бўлган. 2000 йил июнь ойида отаси вафот этганидан сўнг, Башар Асад унинг амалдаги меросхўри бўлди ва 2000 йил 17 июлда мамлакат президентига айланди. Ўшанда Сурия парламенти конституцияни ўзгартириб, президентлик ёши талабини 40 ёшдан 34 ёшгача пасайтирди. Бу эса Башарнинг ҳокимиятга келиши учун қилинган режа эди.
Бошида Европа ва АҚШдаги кузатувчилар Башар Асадни сиёсатни тушунадиган, ҳар бир ишни ўйлаб қиладиган лидер сифатида қабул қилган эди. Унинг турмуш ўртоғи Асма Асад собиқ инвестиция банкири бўлиб, асли суриялик, лекин Лондонда ўсган ва тарбия топгани учун ҳам чет элликлар нигоҳида бу қарашни янада мустаҳкамлаган эди. Аммо бу умидлар тезда сўнди, чунки янги раҳбар ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” каби гуруҳлар билан алоқаларни давом эттирди ва 2011 йилдаги демократия талабларини шафқатсиз йўққа чиқарди.
2011 йил май ойида АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Барак Обама Асад режими халқига қарши қотиллик ва оммавий ҳибсга олиш йўлини танлаганини айтиб, уни демократияга ўтишга ёки ҳокимиятдан кетишга чақирди. Башар Асад ҳар етти йилда кўпчиликнинг овози билан қайта сайланган, охирги марта, яъни 2021 йилда бу АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия ва Италия томонидан “сохта сайлов” деб баҳоланган.
Фуқаролар уруши давомида Асад кучлари 2011 йилги намойишлардан сўнг қуролланган мухолифатга қарши шафқатсиз усуллар қўллаган. 2013 йилда БМТ қурол инспекторлари Сурияда зарарли газдан фойдаланилганини тасдиқловчи аниқ ва инкор қилиб бўлмайдиган далилларни топган. Ўша пайтдаги БМТ Бош котиби Пан Ги Мун бу ҳужумни “ХХI асрда оммавий қирғин қуролларининг энг ёмони” деб атаган.
АҚШ ушбу ҳужумни “қизил чизиқ” деб баҳолаб, Сурия мухолифат кучларига ёрдамни оширган. Асад эса Ғарб давлатларини ўзига қарши курашаётган исёнчиларни қўллаб-қувватламаслик ҳақида огоҳлантирган.
Тинимсиз давом этган можаролар Башар Асаднинг шафқатсиз меросига асос бўлиб қолган. Можаро оқибатида юз минглаб одамлар ҳалок бўлган ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил бошида 7 миллиондан ортиқ одам ички кўчирилган ва 6 миллиондан ортиқ одам халқаро қочқин бўлган.
Режим “қассобхонаси”
Одамларнинг тилида “қассобхона” номини олган бу маскан Башарнинг Ҳофиз Асад даврида, 1987 йилда қурилган ва дастлаб ҳарбий қамоқхона сифатида ишлатилган. Сайдная қамоқхонаси Суриянинг Дамашқдан шимолга қараб тахминан 30 километр масофада жойлашган бўлиб, мамлакатдаги энг обрўли ва айни энг қўрқинчли қамоқхоналардан бири ҳисобланган.
Бу қамоқхона, айниқса, 2011 йилда бошланган Сурия фуқаролар уруши даврида дунё жамоатчилиги эътиборига тушган. У ерда амалга оширилган қийноқлар, судсиз қатл этишлар ва инсон ҳуқуқларига зид амалиётлар халқаро ташкилотлар томонидан “ўлим фабрикаси” деб номланган ҳолатларга олиб келган. Сайдная нафақат оддий бир қамоқхона, балки Башар Асад режимининг ҳокимиятни сақлаб қолиш учун қандай шафқатсиз чоралар кўрганининг яққол намунасидир. Бу ерда мухолифат тарафдорлари, журналистлар, фаол фуқаролар ва бошқа кўплаб одамлар “давлатга қарши фаолият” учун жазоланган. Аммо кўпинча бу одамлар ҳақиқий судловсиз, далилларсиз ёки айбловсиз қамалиб кетган. Сайдная қамоқхонаси ҳақида хабар берган гувоҳлар унинг ичида қандай шароитлар мавжудлигини очиб берган. Маҳбуслар шафқатсиз қийноқларга дучор бўлган: мунтазам равишда калтаклаш, очликдан қийнаш, электр токи қўллаш ва ҳатто руҳий қийноқлар қўлланган. Буларнинг барчаси режимнинг шафқатсизлигини ва инсонийликка зид амалиётларини кўрсатади.
Шунингдек, омон қолган гувоҳларга кўра, қамоқхона ичидаги гигиеник шароитлар деярли йўқ бўлиб, маҳбуслар доимий очлик ва касалликлардан азоб чеккан. Тиббий ёрдамнинг йўқлиги эса кўплаб маҳбусларнинг ўлимига сабаб бўлган. Амnesty International каби ташкилотлар Сайдная қамоқхонасини “ўлим фабрикаси” деб аташганининг сабаби ham қамоқхонада минглаб одамларнинг судсиз қатл қилиниши билан боғлиқ. Маълумотларга кўра, 2011-2015 йиллар орасида ҳар ҳафта 50 га яқин одам қатл қилинган. Бу қатллар махфий суд жараёнлари ортидан амалга оширилган ва қамоқхона ҳудудида ёки унинг яқинидаги оммавий қабрларга дафн қилинган. Қисқаси, қамоқхона Башар Асад режимининг энг қўрқинчли ва энг дахшатли наъмунаси саналади.
Асад оиласининг қулаши
54 йиллик ҳокимиятдан сўнг Сурияда Асад оиласининг ҳукмронлиги ниҳоясига етди. 8 декабрь куни Башар Асад мамлакатни тарк этиб, Россиядан бошпана сўради. Яқин Шарқнинг замонавий тарихидаги энг шафқатсиз режимлардан бирининг қулаши Сурия армияси ва мухолиф кучлар коалицияси ўртасида бор-йўғи 12 кун давом этган жанглардан сўнг юз берди ва Сурияда 13 йиллик фуқаролар урушига нуқта қўйилди. У ўз ҳукмронлиги даврида 350 мингдан ортиқ сурияликнинг ҳаётига зомин бўлди ва камида 13 миллион киши уйини тарк этди. Асад режими қулаган куни Дамашқда кучли отишма овози эшитилди. Исёнчилар коалицияси ижтимоий тармоқларда Асад қочиб кетгани ва мамлакат пойтахти озод қилинганини эълон қилди.
Башар Асаднинг кўчалардаги портретлари йиртилиб, отаси Ҳофиз Асаднинг ҳайкаллари ҳам бузиб ташланди. Аввалроқ мамлакатдан оиласини чиқариб юборган Башар Асад ҳам ўша куннинг ўзида бир муддат ғойиб бўлди ва Россияда пайдо бўлиб қолди. Бир нечта ОАВлар у олдинроқ Россиядан кўплаб уй-жойлар харид қилгани ҳақида ёза бошлади. Асад фақатгина қочиш билан қаноатланмай мамлакатдан оз эмас, катта миқдордаги, яъни 135 миллиард долларни ўзи билан олиб қочди. Россия томони эса "Биз дўстларимизнинг ҳар қандай кунида ёрдам берамиз", дея Башарни катта миқдордаги бойлиги билан мамлакатга қабул қилди. Бази бир версияларга кўра, собиқ суриялик энди Россия фуқароси ҳам бўлиши мумкин. Сабаби унга Россия томонидан фуқаролик бериш таклиф қилинган. Собиқ етакчи мамлакатдан чиқиши билан отаси, Ҳофиз Асаднинг қабри вайрон қилинди, унга ўт қўйилди.
Ҳокимятга келган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” минтақада бир нечта ўзгаришлар, хусусан, ҳижоб чеклови, қаттиқ жазолашни бекор қилди. Айни пайтда пойтахт Дамашқда ҳаёт аста-секин нормал ҳолатга қайтгандек кўринмоқда. Кўчаларда кўплаб пиёдалар ва машиналар ҳаракатлана бошлади, баъзи дўкон ва ресторанлар очиқ. Аҳоли эса мамлакатдаги бугунги ҳаётдан тўлақонли рози. Шу билан “темир мушт” – Асад режими ўз ниҳоясига етди.