Франция Польшага ёрдам бермоқчи

Олам

image

Франция Президенти Эммануэль Макрон Польшага мамлакат ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш учун учта Rafale қирувчи самолётини юбориш қарорини қабул қилди. Бу ҳақда у Х тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирди.

Унга кўра, Президент бу қарорни Европани ҳимоя қилиш учун қабул қилган. 

“Россия дронларининг Польша ҳудудига кириб келиши муносабати билан мен учта Rafale қирувчи самолётини сафарбар этиш қарорини қабул қилдим. Бу чора Польшанинг ҳаво ҳудуди ва Европанинг шарқий қанотини НАТОдаги иттифоқчиларимиз билан биргаликда ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган”, дея ёзган Франция раҳбари. 

Унинг айтишича, бу масалада Польша Бош вазири Дональд Туск, НАТО Бош котиби Марк Рютте ва Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер билан келишувга эришилган.

“Европа қитъасининг хавфсизлиги биз учун энг юқори устувор вазифадир. Биз Россиянинг тобора кучайиб бораётган қўрқитиш услубларига бош эгмаймиз”, дея қўшимча қилган Макрон. 

Сўнгги кунларда Польша ва Россия ўртасида бир қанча келишмовчиликлар юз бера бошлади. 10 сентябрь куни тунги вақтда Польша ҳаво ҳудудининг камида 19 марта бузилиши қайд этилган. Польша томонининг талқинига кўра, бу дронлар Россияга тегишли бўлган. Туск бу ҳақда НАТО Бош котибига хабар берган. Москва эса бундай дронлар Украинадан учирилганини айтиб, Польшага зарба бериш режалаштирилмаганини билдирган. 

Шу билан бирга, Польша Россиянинг учувчисиз учоқларининг ўз ҳаво ҳудудига бостириб киргани сабабли БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини талаб қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша Россия ва Беларусь ўтказаётган “Ғарб-2025” қўшма ҳарбий машғулотлари сабабли Беларусь билан чегарасини тўлиқ ёпганди. Бош вазир Дональд Тускка кўра, машғулотлар “ҳарбий нуқтайи назардан жуда агрессив” кўринади, шу сабабли хавфсизлик чораси сифатида нафақат автомобиль, балки темирйўл ўтиш жойлари ҳам тўлақонли ёпилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Польша Эммануэль Макрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг