Польша Беларусь билан чегарасини бутунлай ёпди
Олам
−
12 Сентябрь 2604 2 дақиқа
Польша Россия ва Беларусь ўтказаётган “Ғарб-2025” қўшма ҳарбий машғулотлари сабабли Беларусь билан чегарасини тўлиқ ёпди. Бу ҳақда Польша Бош вазири Дональд Туск ҳукумат йиғилишида маълум қилди.
Унинг айтишича, машғулотлар “ҳарбий нуқтайи назардан жуда агрессив” кўринади, шу сабабли хавфсизлик чораси сифатида нафақат автомобиль, балки темирйўл ўтиш жойлари ҳам тўлақонли ёпилган.
Машғулотлар 12–16 сентябрь кунлари ўтказилади ва уларда Россия ҳамда Беларусдан 13 мингдан ортиқ ҳарбий қатнашади. Расмийлар таъкидлаганидек, улар “иттифоқ давлати”ни ҳимоя қилиш бўйича манёврларни синовдан ўтказади. Машғулотларни кузатиш учун НАТОга аъзо тўққиз давлатдан аккредитация олган ҳарбий атташеларга рухсат берилади. Беларусь Мудофаа вазири Виктор Хренин уларнинг ҳеч кимга қарши қаратилмаганини таъкидлаган.
Украина 22 август куни Минскни огоҳлантириб, машғулотлар пайтида чегарага яқинлашмаслик, мудофаа кучларини “провокация қилмаслик”ни маслаҳат берган. Шу мақсадда Беларусь ғарбий чегарадан қўшинларини вақтинча олиб кетган. Александр Лукашенко бу орқали Минск “Сувак йўлагини тўсишга уринмоқда” деган айбловлардан қочишга интилаётганини айтди.
Сўнгги кунларда вазият янада кескинлашди. 10 сентябрь куни Польшанинг Кшивуж колонияси ҳудудида ҳаво чегараси бузилди, дронлар кириб келди. Уларнинг айримлари Белорусь томонидан уриб туширилди. Туск уларни Россия дронлари деб атаб, бу ҳақда НАТО Бош котибига хабар берди. Москва эса бундай дронлар Украинадан учирилганини айтиб, Польшага зарба бериш режалаштирилмаганини билдирган.
Шу билан бирга, Польша Россиянинг учувчисиз учоқларининг ўз ҳаво ҳудудига бостириб киргани сабабли БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини талаб қилган.
Дипломатик инқироз Польша фуқароси, 26 ёшли Гжегож Гавелнинг Минскда “жосуслик”да гумонланиб ҳибсга олиниши ортидан кучайди. У машғулотлар ҳақида маълумот тўплаганликда айбланмоқда.
Туск Беларусь “провокацияларни” давом эттирса, “жавоб чораларини” кўриш билан огоҳлантирган. Шу тарзда Польша–Беларусь–Россия ўртасидаги таранглик кучаймоқда.
Эслатиб ўтамиз, Латвиянинг Беларусь ва Россия билан шарқий чегараси яқинидаги ҳаво ҳудуди кеча, 11 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 18:00 да ёпилгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси