Франция мен туфайли Евро-2020 чорак финалига чиқа олмади – Мбаппе
Спорт
−
05 Октябрь 2021
3144ПСЖ ва Франция терма жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппе Евро-2020 мусобақасининг нимчорак финалидан ўрин олган Швейцарияга қарши ўйинда пенальтини ноаниқ амалга оширганидан кейинги ҳолатини изоҳлади.
“Ўйлайманки, пенальтини муваффаққиятсиз амалга оширганимдан сўнг, кўпроқ қўллаб-қувватланишим мумкин эди. Лекин ҳеч қачон буни сўрамаганман. Чунки мен туфайли Франция терма жамоаси мағлубиятга учради ва мусобақани тарк этди. Бир ҳиҳатга эътибор қаратиш кераклигини айтиб ўтмоқчиман: мағлубиядан, аввало, футболчиларнинг ҳафсаласи пир бўлади. Кейинчалик, ечиниш хонасида жамоадошларим мени қўллаб-қувватлашди”, дейди Мбаппе.
Шунингдек, Мбаппе Евро-2020 мусобақасидан сўнг, ижтимоий тармоқларда мухлислар томонидан хақоратлангани тўғрисида айтиб ўтди:
“Ҳайратга солгани шундаки, ижтимоий тармоқларда одамлар мени маймун, деб аташди. Менга қўллаб-қувватлаш жуда керак эди, чунки мен ҳам бошқалар каби олдинга боришни хоҳлардим”.
Эслатиб ўтамиз, Евро-2020 нимчорак финалида Швейцария ва Франция ўзаро тўқнаш келган эди. Ўйин асосий вақти 3:3 ҳисобида якунига етган ва ғолиб пенальтилар сериясида аниқланган. Мбаппе сўнгги зарбадан унумли фойдалана олмагач, “хўрозлар” мусобақани тарк этганди.
Маълумот учун, жорий мавсумда 22 ёшли ҳужумчи Франция чемпионатида 9 та ўйин ўтказган ва рақиблар дарвозасига 4 та гол уриб, 3 та голли узатмани амалга оширган.