Франция Киевга Mirage 2000 қирувчи самолётларини жўнатади
Олам
−
19 Октябрь
3520Франция Mirage 2000 зарба берувчи самолётларининг биринчи партиясини 2025 йилнинг биринчи чорагида Киевга етказиб беради. Бу ҳақда Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро бугун, 19 октябрь куни Украинага ташрифи чоғида мавқедоши Андрей Сибига билан бўлган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
Барро Украинанинг Россия билан урушни тугатиш режасини қўллаб-қувватлашини айтди. Украина расмийлари билан ҳамкорликда бошқа давлатлардан ёрдам сўрашга ваъда берган Франция Ташқи ишлар вазири Париж Mirage 2000 зарба берувчи самолётларининг биринчи партиясини 2025 йилнинг биринчи чорагида Киевга етказиб беришига ишонтирган.
Жан-Ноэль Барронинг сўзларига кўра, Франция шунингдек, украиналик учувчилар ва механикларни қирувчи самолётларни бошқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича ўқитади.
Франция ТИВ раҳбарининг таъкидлашича, Париж Украинани зудлик билан НАТОга таклиф қилиш ғоясига очиқ, аммо иттифоқчилар билан бу борадаги музокаралар ҳали давом этади.
“Босқинчиларга ғоят жасорат билан қаршилик кўрсатиб, сиз нафақат Украинанинг ҳудудий яхлитлиги учун курашяпсиз, балки Европани Путин Россиясидан ажратиб турувчи, озодликни зулмдан ажратувчи фронт чизиғини ҳам ушлаб турибсиз”, деган Барро.
Украина ва Франция Ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги музокаралар чоғида асосий эътибор – иттифоқчиларнинг Зеленскийнинг “ғалаба режаси” ва “тинчлик формуласини” қўллаб-қувватлаши, Москванинг КХДРдан ёрдам жалб қилиши, Украина урушини кучайтириш орқали урушни кенгайтиришга уринишларига қарши туришга қаратилган.
Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига франциялик ҳамкасбига Францияда Украина бригадасини тузиш қарорини амалга оширгани учун миннатдорлик билдирган ва бу ташаббус бошқа иттифоқчиларга ўрнак бўлишига умид билдирган.
Маълумот учун, шу кунгача Франция Украинага 18 та “Цезар” ўзиюрар артиллерия тизими ва 2 та Crotale зенит тизимлари аккумуляторини юборган. Декабрь ойида Макрон Киевга қурол ва ўқ-дориларнинг янги партиясини 2023 йил бошида етказиб беришни режалаштираётганини айтган. Ўтган ҳафтада эса Франция Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Анн-Клэр Лежандр Парижнинг Киевга қўшимча 12 та “Цезар” иншоотини юбориш, шунингдек, Франция ва Польшада 2000 нафар украиналик аскарни тайёрлаш режасини тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг февраль ойида Франция ҳукуматининг расмий вакили Оливье Веран мамлакат Киевга жанговар самолётлар етказиб бермаслигини маълум қилганди. Унинг фикрича, улар ҳужум қуроли бўлиб, Франция Украинани биринчи навбатда мудофаа соҳасида қўллаб-қувватлаш зарур. Франция Президенти Эммануэль Макрон жорий йилнинг 6 июнь куни Франциянинг TF1 ва “France 2” телеканалларига берган интервьюсида Париж Украинага бир қатор модернизация қилинган Mirage 2000-5 кўп мақсадли қирувчи самолётларни тақдим қилмоқчилигини айтганди.