“Forbes” 30 ёшгача бўлган омадли ёшлар рўйхатини эълон қилди
Маданият-санъат
−
01 Декабрь 2022
12922Дунё бўйича 20 та йўналишда 30 ёшгача бўлган, 600 нафар муваффақият эгаларини қамраб олган рейтинг “Forbes” нашрида эълон қилинди.
Рўйхатдан маданият, молия, таълим, соғлиқни сақлаш, техника, спорт, илм-фан, ишлаб чиқариш ва озиқ овқат каби соҳа вакиллари жой олган.
Омадли ёшлар орасидан Жастин Бибернинг 26 ёшли рафиқаси, фотомодель Хейли Бибер ҳам ўрин олган бўлиб, уни ижтимоий тармоқларда 60 миллион обуначиси бор. Хейли 2022 йилда Лос-Анжелесда ўзининг шахсий бизнесига қўл урди ва терини парваришлаш учун “Rhode Skin” номли брендга асос солди. Бир донаси 29 АҚШ доллари турувчи воситаларнинг талабгорлари сони ҳозирда 700 мингтага етган.
27 ёшли рассом Анна Веянт ўзи чизган суратлар билан 2022 йилда учта шов-шувли тақдимот ўтказишга муваффақ бўлди. “Christie's” аукционида у томонидан чизилган “Ёзги вақт” асари эса 1,5 миллион АҚШ долларига баҳоланган.
28 ёшли баскетболчи Жоэл Эмбиид “76ers” жамоаси аъзоси ҳисобланади. Унинг йиллик даромади 8 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Ўз вақтида уч йилни жароҳат билан ўтказиб юборган баскетбол юлдузи мавсум якунидаги сўровномаларга кўра, лигадаги энг яхши спортчилар рейтингида иккинчи ўринни олган.
Рўйхатдаги эътиборга молик ёшлардан яна бири АҚШ Мудофаа вазирлигининг матбуот котиби Тайлер Черри бўлиб, у 29 ёшда бўлишига қарамай Жо Байден маъмуриятидаги масъулиятли лавозимлардан бирини эгаллаб турибди.
Илм фаън йўналишида эса Жереми Шил эътироф этилган. У 2022 йилнинг октябрь ойида Америка ҳукумати билан 13 миллион АҚШ долларига тенг шартнома имзолашга эришди. Айни дамда Жереми 2025 йилгача фазовий кемаларга гидразин ёқилғисини етказиб бериш устида ишламоқда.
Анитта тахаллуси билан ижод қилувчи бразилиялик Ларисса де Маседо куйлаган “Envolver” номли тарона халқаро тармоқларда 500 миллион маротаба тингланган. Унинг “Versions of Me” альбоми эса учта тилда тақдим этилди. Хонанданинг YouTube'даги кузатувчилари эса сал кам 17 миллионни ташкил этмоқда.
Маълумот ўрнида, “Forbes” рейтингидан жой олган 30 ёшгача бўлган муваффақиятли ёшларнинг умумий бойлиги 5,3 миллиард АҚШ долларига тенг бўлиб, уларнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларини жами 613 миллион обуначи кузатмоқда.