Бугун осмонни “Қулупнай Ой” ёритади
Бу қизиқ
−
12:56 1294 2 дақиқа
Бугун, 29 июнь куни тунда “Қулупнай Ой” деб аталувчи июннинг тўлин Ойи кузатилади. Бу ҳақда “Forbes” хабар берди.
Маълум қилинишича, бу 2026 йилда Шимолий яримшарда уфққа энг яқин кўринадиган тўлин Ой бўлади. Ой уфқдан кўтарилаётган пайтда одатдагидан анча каттароқ кўрингандек таассурот уйғотади. Бунга “Ой иллюзияси” деб аталувчи оптик ҳодиса сабаб бўлади.
Бироқ астрономик жиҳатдан бу йилнинг иккинчи энг кичик тўлин Ойи ҳисобланади. Чунки бу пайтда Ой Ердан одатдагидан узоқроқ масофада бўлади. Шу сабабли у одатдаги тўлин Ойдан қарийб 13 фоиз кичикроқ ва хирароқ кўринади. Астрономияда бундай ҳодиса “микроой” деб аталади.
Мутахассисларнинг айтишича, июн ойидаги тўлин Ой ёзги қуёш туришидан кўп ўтмай содир бўлгани сабабли Шимолий яримшарда паст траектория бўйлаб ҳаракат қилади. Жанубий яримшарда эса аксинча, у осмоннинг баландроқ қисмида кузатилади.
Маълумот учун, “Қулупнай Ой” номи Ойнинг рангига эмас, балки Шимолий Америкадаги маҳаллий халқларнинг қулупнай терими мавсуми билан боғлиқ анъанасига ишора қилади. Турли халқлар бу тўлин Ойни “Резаворлар пишадиган Ой”, “Яшил маккажўхори Ойи” ва “Иссиқ Ой” каби номлар билан ҳам атайди.
Маълумотларга кўра, навбатдаги тўлин ой – “Буғу Ойи” жорий йилнинг 29 июль куни кузатилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ геологлар Ердаги энг қадимги – Ғарбий Австралиядаги Шимолий қутб гумбази (North Pole Dome) ҳудудида жойлашган метеорит кратерининг ёшини тасдиқлаган эди.
Live
Барчаси