Фоҳишалар орасида амалдорларнинг қизи ҳам бор – Ташиев 3 минг долларлик фоҳишалар ҳақида
Олам
−
01 Декабрь 2023
61415Қирғизистонда фоҳишахоналар фаолияти урчигандан урчиган. 30 йил давомида давлат ҳам, амалдорлар ҳам бу ҳолатларга кўз юмган. Энди эса мамлакатни бундай балодан тозалаш вақти келди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиев кеча, 30 ноябрь куни Балиқчи шаҳридаги МХДҚ биноси очилишидаги нутқида сўз очди.
Унинг сўзларига кўра, давлат қўмитаси ходимлари яқинда Бишкек шаҳри ва Чуй вилоятида фоҳишахоналарни аниқлаш бўйича махсус тадбирлар ўтказган. 10 та жойда 70 га яқин қиз интим хизмат кўрсатаётгани аниқланган.
“Мазкур тадбирлар натижасида олти нафар фоҳишахона ташкилотчиси ва улар хизмат кўрсатган ушбу биноларнинг икки нафар эгаси қўлга олинди. Қўлга олинган 70 га яқин қизлар гувоҳ сифатида кўрилмоқда, жиноят ишида у ерда фоҳишахоналар ташкил қилганларни жавобгарликка тортамиз”, дейди Ташиев.
У Қирғизистонда тартиб ўрнатилишини қўшимча қилди. Ташиевга кўра, бундан бошқа йўл йўқ, чунки 30 йил давомида барча – давлат органлари, маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари, хавфсизлик идоралари бундай муаммо борлигини, бу қонунлар ва жамият асосларини бузаётганини билган ва била туриб жим қараб турган.
“Ҳамма билди ва ҳамма кўз юмди. Лекин бу ҳолат шундай давом эта олмайди. Биз бу катта муаммога кўз юма олмаймиз. Биз бу ёмон ҳодисани йўқ қиламиз. Бу салбий ҳодисани бартараф этиш учун давлатнинг имконияти, кучи, воситалари, жамиятнинг иродаси етарли. Чунки бу ҳодиса авлодимиз, юртимиз келажаги учун оғир оқибатлар олиб келади. Биз бу масалани ҳал қилишимиз керак. Баъзилар буни бир марталик операция, биз тўхтаймиз деб ўйлайди. Йўқ, бундай бўлмайди. Мамлакатимизда бундай хизматлар кўрсатиладиган фоҳишахоналар, уйлар ва жойлар бўлмайди. Биз уларни бутунлай йўқ қиламиз. Бунинг учун биз режа туздик”, дейди МХДҚ раиси.
Унинг сўзларига кўра, эскорт хизмати кўрсатиш ниқоби остида тўловга лаёқатли фуқаролар, юқори мансабдор шахслар, амалдорлар ва тадбиркорлар учун элита деб аталувчи интим хизматлар кўрсатиш фактлари аниқланган.
Фоҳишахонлар ташкил қилувчиларнинг асосий фаолияти ижтимоий тармоқлардаги канал ва гуруҳ орқали бўлиб, гуруҳларга 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган 200 га яқин модель қиёфасидаги қизларнинг суратлари илова қилинган ва қизлар моддий манфаатдорлик эвазига интим хизматларни кўрсатадилар. Ташиевга кўра, бундай хизматларнинг бир соати нархи 500 дан 3 минг долларгача.
“Улар орасида фаровон оилалардан чиққан қизлар, амалдорлар, тадбиркорларнинг фарзандлари бор. Бу қизлар қиммат эскорт хизматларини тақдим этади”, дейди Ташиев.
Бундан ташқари, Қамчибек Ташиев ушбу гуруҳларнинг барча иштирокчилари ҳамда мижозларни бевосита қидириб, учрашув жойларини муҳокама қилган даллоллар аниқланганини алоҳида урғулади. Улар ушланиб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторига жойлаштирилган.
“Ҳозирда мазкур гуруҳлар маъмурлари ҳамда ҳомийлик ва интим хизматлар кўрсатишда ноқонуний фаолият билан шуғулланган шахсларни аниқлаш бўйича қўшимча тергов-тезкор тадбирлари ўтказилмоқда”, дея хулоса қилди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, ушбу нутқида Қамчибек Ташиев фоҳишахоналарга бориб, интим хизматлардан фойдаланаётган депутатлар ва амалдорларни кўрсатишга ваъда берганди.
LiveБарчаси