Финляндия ва Швеция ўз сўзида турмагунича НАТОга қабул қилинмайди – Эрдўған

Олам 4446
image

Анқара Финляндия ва Швециянинг НАТОга киришини ҳар икки давлат террор ташкилотларига қарши кураш бўйича Туркия олдидаги мажбуриятларини бажармагунча қўллаб-қувватламайди. Бу ҳақда кеча, 8 август куни Президент Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилди. 

“Биз Мадриддаги НАТО саммитида ўз позициямизни аниқ билдирдик. “Курдистон Ишчилар партияси” [террор ташкилоти] аъзолари кўчада бемалол юрган мамлакатларнинг НАТОга аъзолиги альянс қадриятларига зарар келтиради. Финляндия ва Швецияга келсак, биз аниқ ва қатъий позицияни эгаллаймиз. Улар ўз сўзида турмагунича, Туркия икки давлатнинг НАТОга аъзолигини маъқулламайди”, дейди Эрдўған Анқарада Туркиянинг хорижий давлатлардаги элчилари билан учрашувда сўзлаган нутқида. 

Эслатиб ўтамиз, бугун, 9 август куни AҚШ Президенти Жо Байден Швеция ва Финляндиянинг НAТОга кириши ҳақидаги протоколларни имзолаши кутилмоқда. 

Швеция ва Финляндия масаласи

18 май куни Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди, бироқ Туркия бу давлатлардан ФЕТО, Курдистон ишчилар партияси ва Сурия Халқ мудофааси кучлари ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни, терроризмда ёки 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни Анқарага экстрадиция қилишни ва Туркияга қурол етказиб беришга қўйилган тақиқларни олиб ташлашни талаб қилиб, аъзолик жараёнини дарҳол тўхтатди. 

Жорий йилнинг 28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон ва альянс бош котиби Йенс Столтенберг ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Уларнинг натижаларига кўра, Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига рухсат берувчи меморандум имзоланди. Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Анқаранинг барча талаблари бажарилишига келишиб олинган. Унга кўра, Швеция террорчилик фаолиятида иштирок этган 73 кишини экстрадиция қилишга ваъда берган.

30 июнь куни НАТО саммитидан кейин матбуот анжуманида иштирок этган Эрдўған, Швеция ва Финляндия учун қувонишга ҳали эрталигини, улар шартни бажарсагина, Туркия парламенти Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига оид ҳужжатни ратификация қилишини айтди

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 44
Рейтинг: 3.1
t
×