Байден бугун Швеция ва Финляндия учун муҳим ҳужжатни тасдиқлайди
Олам
−
09 Август 2022
5518AҚШ Президенти Жо Байден бугун, 9 август куни Швеция ва Финляндиянинг НAТОга кириши ҳақидаги протоколларни имзолайди. Бу ҳақда Оқ уй хабар берди.
“Президент Байден бугун нутқ сўзлайди ва Финляндия Республикаси ва Швеция Қироллигининг Шимолий Aтлантика альянсига қўшилиш протоколлари тўғрисидаги ратификация ёрлиқларини имзолайди”, дейилади Оқ уй жадвалида.
Ушбу маросимда AҚШ вице-президенти Камола Харрис ҳам иштирок этади.
Ўтган ҳафта Сенат Стокгольм ва Хелсинкининг альянсга қўшилиши ҳақидаги ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Aмерика қонунчилигининг ўзига хос хусусиятларига кўра, ратификация жараёни бевосита мамлакат Президенти томонидан амалга оширилади, Сенат бунга ўз розилигини беради. Байден аввалроқ Конгресснинг юқори палатасидаги овоз бериш натижаларини олқишлаб, НAТОнинг кенгайиши бўйича ушбу протоколларни Сенат томонидан кўриб чиқиш жараёни 1981 йилдан бери энг тез ўтганини таъкидлаган эди.
Швеция ва Финляндия масаласи
18 май куни Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди, бироқ Туркия бу давлатлардан ФЕТО, Курдистон ишчилар партияси ва Сурия Халқ мудофааси кучлари ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни, терроризмда ёки 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни Анқарага экстрадиция қилишни ва Туркияга қурол етказиб беришга қўйилган тақиқларни олиб ташлашни талаб қилиб, аъзолик жараёнини дарҳол тўхтатди.
Жорий йилнинг 28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон ва альянс бош котиби Йенс Столтенберг ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Уларнинг натижаларига кўра, Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига рухсат берувчи меморандум имзоланди. Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Анқаранинг барча талаблари бажарилишига келишиб олинган. Унга кўра, Швеция террорчилик фаолиятида иштирок этган 73 кишини экстрадиция қилишга ваъда берган.
Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши блокнинг барча аъзолари томонидан ратификация қилиниши керак. Бугунги кунга қадар альянсга кирган 30 та давлатдан 20 дан ортиғи шундай қилган.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси