Финляндия Президенти ниятини Путинга айтди
Олам
−
14 Май 2022
23069Финляндиянинг анъанавий ҳарбий бетарафлик сиёсатидан воз кечиши нотўғри бўлади, чунки унинг хавфсизлигига ҳеч қандай таҳдид йўқ. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин Финляндия Президенти Саули Ниинистё билан телефон орқали мулоқотда айтиб ўтди, дея хабар беради бугун, 14 май куни Кремль матбуот хизмати.
“Финляндия раҳбариятининг НАТОга аъзо бўлиш учун ариза бериш нияти эълон қилингани муносабати билан очиқ фикр алмашилди”, дейилади хабарда.
Владимир Путин анъанавий ҳарбий бетарафлик сиёсатидан воз кечиш хато бўлишини, чунки Финляндия хавфсизлигига таҳдид йўқлигини таъкидлаган.
“Мамлакат ташқи сиёсатидаги бундай ўзгариш кўп йиллар давомида яхши қўшничилик ва шериклик муносабатлари руҳида қурилган ҳамда ўзаро манфаатли бўлган Россия-Финляндия муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин”, дея таъкидлаган Кремль матбуот хизмати.
Россия Федерацияси ва Финляндия Президентлари Украинадаги вазиятни ҳам муҳокама қилишган. Путин Ниинистёга Москва ва Киев ўртасидаги музокаралар аслида Украина томонининг конструктив мулоқотдан манфаатдор эмаслиги сабабли тўхтатилганига ишора қилган.
Кремлга кўра, суҳбат Финляндия томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтган.
Финляндия раҳбари девони хабарига кўра, Ниинистё Путин билан мулоқотда НАТОга аъзо бўлиши ҳақида гаплашган. У Россиянинг ўтган йил декабрдаги НАТОнинг шарққа кенгаймаслиги бўйича талаби Финляндиянинг ўз тақдирини белгилаш бўйича эркини чеклаш эканини ва бу икки давлат муносабатларида бурилиш нуқтаси бўлганини таъкидлаган.
“Шунингдек, Хельсинки қарорига Россиянинг 2022 йил февралида Украинага оммавий бостириб кириши таъсир кўрсатди”, дея қўшимча қилган у.
Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари
Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди.
Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.
Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.
“Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Шимолий Европа минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга ҳамда Россия-Финляндия икки томонлама муносабатларига жиддий зарар етказади. Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.
Бундан ташқари, Швециянинг ҳукмрон Социал-демократик партияси раҳбарияти 15 май куни Альянсга қўшилиш бўйича ўз позициясини эълон қилади. ОАВ хабарларига кўра, мамлакат келаси ҳафта НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беради.
11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.
13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди.