Филадельфия прокуратураси Илон Маскни судга берди
Олам
−
29 Октябрь
2765Пенсильваниянинг энг йирик шаҳри Филадельфия округи прокуратураси америкалик миллиардер ва Х платформаси эгаси Илон Маскни ҳамда унинг ташкилоти America PAC'ни штат сайловчиларига ҳар куни 1 миллион доллар тарқатаётгани учун судга берди. Бу ҳақда кеча, 28 октябрь куни прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Маскнинг ушбу ҳаракатлари зудлик билан тақиқланиши керак бўлган ноқонуний лотерея схемаси саналади ҳамда у адолатли савдо амалиёти ва истеъмолчилар ҳуқуқларини бузади. Прокурорлар жорий йилнинг 5 ноябрь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига қадар кучга кириши керак бўлган буйруқ чиқаришни сўраган.
“Ушбу иш судланувчиларнинг сайловчиларга пора беришни тақиқловчи штат ёки федерал қонунларни бузганлиги масаласини кўриб чиқмайди. Чунки America PAC ва Маск қонунларни очиқчасига бузган”, дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, прокурорларнинг таъкидлашича, America PAC катта миқдордаги пул ютиб олиш имконияти эвазига сайловчилардан шахсий маълумотларини беришни талаб қилади ва алдамчи, ноаниқ ёки чалғитувчи баёнотлардан фойдаланади. Хусусан, лотерея қоидаларининг тўлиқ тўплами йўқ ва Маскнинг ғолиб тасодифий танлангани ҳақидаги даъвоси ишончсиз, чунки уларнинг барчаси Дональд Трампни қўллаб-қувватловчи митингларда қатнашган.
Дунёнинг энг бой одами Илон Маск октябрь ойи бошида ўз лотереясини бошлаган эди. America PAC етти штатдан бирида тасодифий танланган сайловчиларга ҳар куни 1 миллион доллар беришга ваъда берганди. Булар Пенсильвания, Жоржия, Невада, Аризона, Висконсин, Мичиган ва Шимолий Каролина штатларидир. Иштирок этиш учун электрон почта манзили киритилиши ва АҚШ Конституциясига киритилган биринчи ва иккинчи тузатишлар – сўз эркинлиги, қурол сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун петицияга имзо чекиш керак.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойида Трампга уюштирилган суиқасддан сўнг Маск уни сайловолди ташвиқотида очиқ қўллаб-қувватлаганди. Шунингдек, миллиардер Трампнинг сайловолди кампаниясига хайрия қилганди. Маск шу пайтгача АҚШ президентлигига номзодларнинг бирортасини очиқ қўллаб-қувватламаганди. Собиқ президент Дональд Трамп “Reuters”га берган интервьюсида жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган президентлик сайловларида ғалаба қозонса, америкалик тадбиркор Илон Маскни бирор-бир вазирликка раҳбар қилмоқчи ёки маслаҳатчи лавозимига тайинламоқчилигини маълум қилганди. АҚШ Федерал сайлов комиссияси эълон қилган ҳужжатга кўра, Маск Трампни қўллаб-қувватловчи America PAC сиёсий ташкилотига 3 ой ичида 75 миллион доллар хайрия қилган.