Маск Трамп кампаниясига 75 млн доллар хайрия қилди

Олам

image

Америкалик миллиардер, Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск АҚШ президентлиги сайловларида собиқ давлат раҳбари, республикачи Дональд Трампни қўллаб-қувватловчи Аmerica PAC сиёсий ташкилотига 3 ой ичида 75 миллион доллар хайрия қилди. Бу ҳақда бугун, 16 октябрь куни АҚШ Федерал сайлов комиссияси эълон қилган ҳужжатда келтирилган.

Ушбу маблағларнинг катта қисми – 72 миллион доллар – 2024 йил июль ва сентябрь ойлари орасида ўтказилган. “The Washington Post” газетаси миллиардернинг ташкилотини “Илон Маск томонидан Дональд Трамп сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун тузилган сиёсий ҳаракатлар қўмитаси” деб атаган.

Шунингдек, нашрда қайд этилишича, Аmerica PAC Трампнинг иккинчи муддатга сайланиш даъвосида асосий ўйинчи сифатида пайдо бўлган.

Ўз навбатида, “Reuters” агентлиги бу ташкилот ўз саъй-ҳаракатларини штатларда сайловчиларни сафарбар этишга қаратаётганини тушунтиради. Ҳисоботга кўра, Аmerica PAC Трампни қўллаб-қувватлаш учун бир хил мақсадларга эга бўлган бошқа гуруҳларга қараганда кўпроқ пул сарфлаган.

Нима учун Маск Трампни қўллаб-қувватлайди

Ўз сўзлари билан айтганда, аввалроқ АҚШ Демократик партиясига овоз берган Илон Маск июль ойида жорий сайловларда Дональд Трампни қўллаб-қувватлашини маълум қилган эди. Миллиардер ўшандан бери ўзининг Х ижтимоий тармоғида Трампнинг АҚШ чегараларини ноқонуний муҳожирлардан ҳимоя қилиш сиёсатини, мамлакатда ички хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларини, шунингдек, сўз эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича позициясини маъқуллашини бир неча бор таъкидлаган.

16 октябрь куни Маск ўша оқшомдан 21 октябргача Пенсильванияда бир қатор томошалар ўтказиш ниятида эканлигини маълум қилди. Пенсильвания Трамп учун ҳам, унинг АҚШ Демократик партиясидаги рақиби, мамлакатнинг амалдаги вице-президенти Камола Ҳаррис учун ҳам сайловлардаги овозлар бўйича муҳим штат сифатида кўрилади.

Июль ойи ўрталарида Трампнинг Пенсильванияда сайловолди чиқишларидан бирида унинг ҳаётига суиқасд қилинган. АҚШнинг собиқ президенти қонли юз билан саҳнадан олиб кетилганидан сўнг, Маск уни тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтди.

Шу билан бирга, тадбиркор Камола Ҳаррисни бир неча бор танқид қилиб, хусусан, агар у ғалаба қозонса, бу сайловлар Қўшма Штатлар учун охиргиси бўлишини айтганди.

Трампга келсак, 20 август куни “Reuters” агентлигига берган интервьюсида журналистнинг агар у сайловда ғалаба қозонса, Маскни маслаҳатчи ёки вазир лавозимига тайинлашни хоҳлайсизми деган саволига у ижобий жавоб берган эди.

Маълумот учун, АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябрь куни бўлиб ўтади. Собиқ президент Дональд Трамп Республикачилар партиясидан давлат раҳбари лавозимига номзод қилиб кўрсатилган. Демократлардан эса вице-президент Камола Ҳаррис мамлакат раҳбарлиги учун курашади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Маск Трамп тузадиган комиссияга раҳбар бўлишга рози бўлганди. Трамп ноябрь ойидаги сайловда ғалаба қозонса, ҳукумат дастурлари аудитини ўтказиш учун раҳбариятига Маск ҳам кириши мумкин бўлган махсус комиссия тузиш имкониятини кўриб чиқмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Трамп Маск

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг